Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро PISA-2022 тадқиқоти натижалари эълон қилинди
19:40 / 2023-12-05

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг Ўқувчиларни халқаро баҳолаш дастури PISA-2022 тадқиқотларида иштирокига оид натижаларни эълон қилишга доир тадбир ташкил этилди.

Конференцияда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ҳилола Умарова янгиланаётган Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотлар жадал олиб борилаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, 2030 йилгача халқаро баҳолаш дастурларида узлуксиз иштирок этиш, дунёнинг илғор мамлакатлари қаторига эришиш мақсадлари белгилаб берилди. 

Тизимда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси, Жаҳон банки, Таълим соҳасидаги тадқиқотлар бўйича Австралия кенгаши, Таълим тест хизмати (АҚШ), Бостон коллежидаги ТИМСС ва ПИРЛС халқаро тадқиқот маркази (АҚШ), Вестат (АҚШ), ЭРТИАЙ интернейшнл, Канада статистика маркази, КАПСТАН Халқаро лингвистик сифатни таъминлаш маркази (Бельгия), Россия Таълимни ривожлантириш стратегияси институти ва бошқа нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. 

Мамлакатнинг мазкур тадқиқотларда иштирок этиши Жаҳон банкининг “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватланган. 

Ўзбекистонда PISA-2022 тадқиқотини ўтказиш бўйича ҳукумат номидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОЭCД) билан 2018 йил 11-декабрда шартнома имзоланган бўлиб, қарийб 5 йиллик олиб борилган меҳнатлар, чора-тадбирлар ва тадқиқотлардан сўнг, 2023 йил 5 декабрь куни дунё миқёсида мазкур тадқиқотнинг натижалари эълон қилинди. 

Ўзбекистон PISА халқаро тадқиқотида илк марта иштирок этди. PISА-2022 дастури 2000 йилда бошланганидан буён ўтказилган халқаро баҳолашнинг саккизинчи босқичи бўлиб, унда 81 мамлакат иштирок этди. Ушбу иштирокчиларнинг барчаси, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам PISA-2022 лойиҳаси даврида CОVID-19 пандемияси туфайли кўп қийинчиликларга дуч келди. 

Мустақил ҳаёт сари илдамлаётган 15 ёшли ўсмирларнинг саводхонлиги, креатив ва мантиқий фикрлаш қобилияти, мактабда олган билимларини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олиши, бир сўз билан айтганда мустақил ҳаётга тайёргарлигини ўлчаш воситаси сифатида PISА халқаро баҳолаш дастури дунёда етакчи ўринларни эгаллайди.

Ўтган давр мобайнида Халқаро тадқиқот дастурлари ҳақида педагогларнинг салоҳиятини ривожлантириш, ўқувчиларнинг амалий кўникмалари, фанлар бўйича саводхонлиги, мантиқий ва ижодий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида 348 та таянч мактаблар, 14 та ҳудудга масъул координаторлар белгиланган. 

Педагогларни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун 260 нафар миллий ва 1 750 нафар ҳудудий тренерлар тайёрланган. Шунингдек, ўқиш, математик, табиий-илмий саводхонлик ва креатив фикрлаш йўналишлари бўйича 35 номдаги ўқув-услубий ҳамда 250 номдаги видеоматериаллар ишлаб чиқилган. 

PISA тадқиқотида мамлакатнинг барча ҳудудларидан тасодифий равишда танлаб олинган 202 та таълим муассасалари – умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар мактабларидаги 7 минг 363 нафар 15 ёшли ўқувчиларнинг иштироки таъминланди. 

Ўзбекистон томонидан белгиланган PISА учун масъул жамоа томонидан тадқиқот материаллари ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларига таржима қилиниб, Бельгиядаги йирик халқаро КАПСТАН лингвистика маркази томонидан халқаро верификациядан ўтказилган. 

Австралия таълим тадқиқотлари ташкилотидан Урсула Швантнер хоним масъул маслаҳатчи сифатида жалб этилди. АҚШ, Австрия, Германия, Италия, Греция, Сербия, Тайланд давлатларида, шунингдек онлайн шаклда ташкил этилган 27 та халқаро семинар ва тренингларда 30 нафар мутахассисларнинг малакаси оширилди. 

Мактаб координаторлари, 54 нафар Миллий сифат назоратчилари, 60 нафар тест администраторлари, 60 нафар баҳоловчилар тайёрланди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг PISA тадқиқотида биринчи марта иштирок этаётганлиги инобатга олинганган ҳолда 2022 йил 11-12 апрель кунлари тадқиқотнинг рамзий очилишига оид “Таълимдаги халқаро тадқиқотларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман ўтказилди. 

[gallery-14912]

Айтиш керакки, халқаро тадқиқотлар ҳар 3-5 йиллик даврийликда дунё мамлакатларида бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. 2019 йил ноябрь ойида Инсон капитали индексини аниқлашга доир тадқиқот, 2021 йилда Таълимдаги узилишларни баҳолашга оид РEДС ҳамда ПИРЛС тадқиқотлари, 2022 йилда PISA, 2023 йилда эса ТИМСС тадқиқоти ташкил этилди. Бу изланишларда ўқувчиларнинг математик, табиий-илмий ва ўқиш саводхонлиги, креатив фикрлаш кўникмаларини баҳолаш бўйича тест топшириқлари, шунингдек, таълим олишга таъсир этувчи омилларни аниқлаш юзасидан сўровномалар ўтказилди. Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги устувор мақсадлардан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, жараёнлар Вестат, Таълимдаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси ташкилотларининг вакиллари томонидан кузатиб борилди. 

Узоқ муддатли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистоннинг таълимга оид натижалари тарихда илк маротаба халқаро солиштирма тадқиқотларнинг ҳисоботларида намоён бўлди. РEДС ва “Таълимдаги йўқотишларни баҳолаш” тадқиқотлари муайян вақт давомидаги узилишларнинг таълим тизимига таъсирини таҳлил қилиш имконини берган бўлса, ПИРЛС халқаро тадқиқотининг натижалари бошланғич таълимнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида чақириқларни келтириб чиқарди. 

Натижаларга назар соладиган бўлсак, Ўзбекистон, Жаҳон банкининг Инсон капитали индексида 0.62 индекс кўрсаткичини қайд этди. Бу эса, кейинчалик даврий равишда инсон капитали ривожланишидаги ўзгаришларни кузатиб бориш, халқаро солиштирма таҳлиллар қилиш имконини беради. 

– Жаҳон банки Ўзбекистондаги таълим соҳасидаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлашдан мамнун, – деди Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги Инсон тараққиёти дастури раҳбари Тазин Фасиҳ хоним. – Банк кўмагида мамлакат сўнгги йилларда биринчи марта халқаро баҳолаш тадқиқотида қатнашиб келмоқда. Банк мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги билан доимий ҳамкорликка содиқ қолади. Биз бу борада ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз. Ушбу баҳолашлар бизга таълим сиёсати самарадорлигини баҳолаш ҳамда ўқув жараёнлари ва ўқувчиларнинг ютуқларини яхшилашга оид онгли қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Ушбу тадбирлар Ўзбекистонда таълимдаги ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини ошириш ва мамлакатнинг дунё миқёсда нуфузини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. 

Мазкур тадқиқотда Ўзбекистонга оид маълумотларни чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг вакили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотида 5 ой давомида тренингда қатнашиб, Миллий ҳисоботни ёзишда иштирок этди. 

Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўртасида эришилган келишув ҳужжати эса мазкур нуфузли дастурнинг 2025 йилдаги тадқиқотида иштирок этиш имкониятини яратиб берди. 

– Бу тадқиқотлар ҳақида шуни айтиш керкки, Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотлар келгусида янада изчиллик билан давом эттирилиши долзарбдир, – деди Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг бош сиёсий таҳлилчиси Тью Халгрин. 

Мазкур конференцияда эълон қилинган Ўзбекистоннинг илк иштирокида ўтказилган PISА-2022 натижалари таълим сиёсатига оид қимматли маълумотларни тақдим этиши билан муҳимдир. 

Ушбу халқаро нуфузли тадқиқот бераётган бир қатор ўрганиш натижалари, жумладан, ўқувчиларнинг математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ютуқлари, уларнинг ҳаётдан қониқиши, келажакдан умидлари, гендер тенглик, мактаб муҳити, COVID-19 пандемияси давридаги таълим, таълимга инвестиция қилинган ресурслар ва уларнинг таълим ютуқларига таъсири каби маълумотлар тизимни ислоҳ қилиш учун тузилаётган режаларнинг самарадорлигини таъминлайди. 

Назокат Усмонова, Даврон Эрназаров (суратлар), ЎзА