Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўқувчи ёшларнинг қишки таътил даврини мазмунли ва мароқли ўтказишларига кўмаклашиш, уларнинг жисмоний ва интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида маҳаллаларда “Мазмунли таътил” лойиҳаси ўтказилмоқда.
– Лойиҳа доирасида 5-10 январь кунлари ўқувчилар ўртасида мини футбол, шахмат-шашка, киберспорт, қувноқ стартлар спорт мусобақалари, шунингдек, заковат, миллий қўшиқлар ижроси йўналишлари бўйича танловлар ўтказилиши белгиланган, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Назирахон Убайдуллаева. – Ушбу тадбирларга Андижон вилоятининг 900 дан ортиқ маҳаллаларида яшовчи мактаб ўқувчилари жалб этилади.


Вилоятнинг туман ва шаҳарларида лойиҳа доирасида маҳаллаларнинг Ёшлар етакчилари ва сардорлари бошчилигида маҳалла жамоалари ўртасида мини футбол мусобақалари юқори кўтаринкилик билан ўтказилди. Айниқса, Андижон, Асака ва Балиқчи туманларида бўлиб ўтган мусобақалар қизиқарли баҳсларга бой бўлди.


Жойларда лойиҳа доирасидаги “Заковат” интеллектуал беллашувлари бўлиб ўтмоқда.
Ўтказилаётган мусобақа ва беллашувлар ўқувчи ёшларга қишки таътилни мароқли ҳамда мазмунли ўтказишлари учун кенг имкон яратиш билан бирга, улар ўртасида аҳиллик, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, жисмоний ва интеллектуал салоҳиятларини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари