Навоий шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабида 7-17 ёшдаги ўқувчилар ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ўтказилди.
Юртимизда аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида мунтазам равишда спорт синовлари ўтказиб келинмоқда. Бунда 2021 йил 16 июндаги “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда.
Ушбу спорт синовлари 11 ёш тоифасида аёллар ва эркаклар учун алоҳида ва ёш гуруҳлари бўйича йилига бир марта январь-декабрь ойларида ўтказилади.
Синовлар аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш схемасига мувофиқ 5 босқичда ўтказилади.
– Режага мувофиқ, бугун спорт синовлари 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида ўтказилмоқда, – дейди вилоят спорт бошқармаси шуъба раҳбари Улуғбек Қаҳҳоров. – Дастлаб туман ва шаҳарларда тузилган Ишчи гуруҳлари томонидан иштирокчилар рўйхати шакллантирилди. 2-босқичда улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, спорт синовларини топшириш учун ариза тўлдиришди.
[gallery-16563]
Энди 18 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар синовларни апрель-май, 30 ёшдан 49 ёшгача бўлганлар август-сентябрь, 50 ёш ва ундан катта ёшдаги шахслар октябрь-ноябрь ва давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимлар ноябрь ойида топширадилар. Жисмоний имкониятлари чекланган шахслар ота-оналар, васийлар иштирокида ихтиёрий равишда ҳамда шифокор тавсиялари ва назорати остида спорт синовларини топширишади.
Синовлар ихтиёрий ва махсус талаблардан иборат бўлиб, махсус талабларни бажарган шахслар бир йил мобайнида қатор имтиёз ва рағбатлантиришлардан фойдаланадилар. Жумладан, 1-ўринни эгаллаган ўқувчилар “Темурбеклар мактаби”га тест синовларисиз, танловдан ташқари ўқишга қабул қилиниб, умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш имкониятига эга бўлишади.
Шунингдек, ғолиб ва совриндорлар сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида юборилади. Шу билан бирга ғолиб ва совриндорларнинг фарзандлари ўзлари яшаётган жойдаги умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилотлари, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади. Уларга дам олиш масканлари ва санаторийларга бепул йўлланмалар тақдим этилиб, ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган синовларда бир қатор имтиёзлар берилади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари