Бугунги глобаллашув даврида хорижий тилларни билиш ёшлар учун нафақат қўшимча билим, балки ҳаётий заруратга айланиб бормоқда. Замонавий илм-фан ютуқларидан бохабар бўлиш, халқаро таълим ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишда хорижий тилларни ўрганиш катта аҳамият касб этади.
Айниқса, ёш авлод учун тил ўрганиш тафаккурни кенгайтириш, мустақил фикрлашни ривожлантириш ва келажакда рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишга мустаҳкам пойдевор яратади. Шу боис хорижий тилларни ўрганиш ёшлар тараққиёти ва мамлакат келажаги учун муҳим омил.
Мамлакатимизда таълим олаётган мактаб ўқувчилари учун хорижий тиллар йўналишидаги билимларни мустаҳкамлаш, янада кенгроқ имкониятлар яратиш мақсадида янги лойиҳа йўлга қўйилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, энди битирувчи синф ўқувчилари хорижий тилларни бевосита хорижлик устозлардан ўрганиш, мактабни тил билиш сертификатига эга ҳолда битириш имкониятига эга бўлишади. Бу катта лойиҳа бўлиб, унда қарийб 40 минг нафар 11-синф ўқувчиларининг иштирок этиши кутилмоқда. Интенсив дарслар асосида улар тил билиш сертификати синовларига тайёрланишади. Муҳими, барча жараёнлар бепул тарзда ташкил қилинади.
Айни вақтда пойтахтимизда лойиҳа доирасида тест синовлари ўтказилмоқда. Бу тестлар натижасида ўқувчиларнинг тил билиш даражаларини аниқлаш ҳамда шу асосда гуруҳларга ажратиш мақсад қилинган.
Қайд этилишича, тестлар 90 дақиқа давом этиб, иштирокчиларнинг билимлари 3 та модул асосида баҳоланган. 3 кундан бери давом этаётган тестларда ёшлар яхши натижаларни қайд этмоқда. Тест жараёнларида айрим ўқувчилар максимал — 100 баллик натижаларга эришган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА