Аввал хабар берганимиздек, Термиз шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғида ёшлар учун ҳарбий-ватанпарварлик фестивали бўлиб ўтди.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бири ташкил этган тадбир Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида ўтказилди.
Фестивалда Ангор тумани ва Термиз шаҳрида вилоятдаги куч тузилмаларига бириктирилган “оғир” тоифадаги ҳамда пробация ҳисобида турувчи ёшлар, Ангор туманидаги “Нурли маскан” кўзи ожиз болалар мактаб-интернати ўқувчилари иштирок этди.
Тадбир, айниқса, “Нурли маскан”да таълим олаётган ўқувчилар учун таассуротларга бой бўлди. Мутахассислар кўргазмага қўйилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар ҳақида атрофлича маълумот берди. Алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўқувчилар ҳарбий вертолёт, самолёт, танк ва бошқа техникларни, турли қурол-аслаҳаларни ушлаб кўриб, тасаввурларини янада бойитди.
Шу куни кўзи ожиз болалар мактаб-интернати ўқувчилари учун “Термиз” давлат музей-қўриқхонасига ҳам саёҳат уюштирилди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/Pfng9Dx6ZxM" title="Oʻquvchilar harbiy texnikalar bilan tanishdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири