Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқувчилар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида бўлди
17:20 / 2026-02-27

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Ёшлар куни” доирасида "Академияда бир куним" шиори остида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.

Унда умумтаълим мактабларининг 100 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлари, уларнинг мураббийлари ва ота-оналари, ФВВ академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари, курсантлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида, ёшлар ўқув минорасининг 4 қаватидан жабрланганни қутқариш ҳамда ўзини-ўзи қутқариш бўйича амалий машғулотларни кузатди.  

Шундан сўнг, академия катта стадионида замонавий ёнғин-қутқарув техникалари намойиш этилди. Ҳар бир техник воситанинг имконияти, фавқулодда вазиятлардаги ўрни ва самарадорлиги ҳақида батафсил маълумот берилди.  

Шунингдек, ёшлар Ахборот-ресурс марказида ташкил этилган китобхонлик соатларида иштирок этиб, қутқарувчилик, ёнғин хавфсизлиги, фуқаро муҳофазаси, ҳуқуқшуносликка оид ва турли бадиий адабиётлар билан яқиндан танишди. Ўқув аудиторияларида курсантларнинг дарс жараёнини кузатиш орқали ёшлар ўзлари учун мотивация олди.

Якунда спорт ва интеллектуал танловларда юқори натижаларга эришган ёшлар академия раҳбарияти томонидан тантанали равишда тақдирланди. Оркестр жамоасининг концерт дастури эса тадбирни кўтаринки руҳда якунлади.  

Мазкур тадбир ёшларда ўзгача таассурот қолдирди. Зеро, "Қутқарувчи" бўлиш – шараф, масъулият,  Ватан олдидаги шарафли бурч.

Гулноза Бобоева, ЎзА