Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан республика бўйлаб ўтказилаётган “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Мазкур тадбир вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ўқувчилар ўртасида ташкил этилди.
Танлов ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда миллий ҳуқуқ тизимига ҳурмат муносабатини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Танлов “Бу бизнинг ҳудуд”, “Интеллектуал ринг”, “Экология учун барчамиз масъулмиз!” ва “Энг яхши экологик лойиҳа” каби йўналишлар бўйича ташкил этилди. Ўқувчилар қонунлар мазмун-моҳияти, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича билим ва кўникмаларини синовдан ўтказдилар.
Иштирокчиларнинг ижодий ёндашуви ва билимлари ҳаётий мисоллар билан боғлантирилиши тадбирни янада қизиқарли қилди. Уларнинг лойиҳаларида мактаб ва маҳалла даражасидаги экологик ташаббуслар, атроф-муҳитни тозалаш ва қайта тиклашга қаратилган фаолликлар акс этган эди.

Якуний натижага кўра, 1-ўринни Гулистон туманидаги 33-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари қўлга киритишди. 2-ўринга Янгиер шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактаби, 3-ўринга эса Гулистон шаҳридаги 16-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари сазовор бўлишди.
Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Энг асосийси, тадбир иштирокчилари ва уларнинг устозлари бу танловни нафақат билимни синовдан ўтказиш, балки экология ва ҳуқуқ соҳасидаги фаолиятни рағбатлантирувчи муҳим имконият дея баҳолашди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири