Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда ЎзМТДПдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Халқ депутатлари Нукус шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган депутатлар, партия вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги раҳбар ва масъуллари, мактаб директорлари, кейтеринг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Мажлис кун тартибида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш тўғрисида”ги 45-мақсадининг Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига қарашли умумтаълим мактабларида бажарилиши жараёнини жамоатчилик мониторинги асосида ўрганиш ишларининг якуни бўйича муҳокама ўтказилди.

Жорий ўқув йилида Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 726 та умумтаълим мактабида 144 минг нафардан ортиқ бошланғич синф ўқувчиси бепул овқатланиши режалаштирилган. Бунда бир нафар бола учун сарфланадиган харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқлаб берилган.
Кейтеринг хизматини кўрсатишга талабгор тадбиркорлик субъектлари 5 иш куни ичида Etender.uzex.uz электрон махсус платформаси орқали танловда иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган техник талаблари бўйича “Харид комиссияси” томонидан танлаб олинган.
Шу йилнинг февраль ҳамда март ойларида фракция аъзолари ҳамда соҳа вакилларидан иборат жамоатчилик гуруҳи томонидан Нукус шаҳри, Кегейли, Чимбой ва Қораўзак туманлари Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Бугунги кунда 19 та кейтеринг ташкилоти томонидан умумтаълим мактабларидаги бошланғич синф ўқувчилари Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган таомнома асосида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб келинмоқда. Ушбу кейтеринг хизматини кўрсатувчи субъектлар томонидан тасдиқланган таомнома (мавсумий озиқ-овқат маҳсулотлари) асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Синфхоналарга 7-8 литр атрофида сувни электр энергияси орқали иситиб берувчи ускуналар ўрнатилган бўлса, айрим мактабларда кейтеринг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти томонидан ўқувчиларга мактаб раҳбарлари тавсияси билан иссиқ чой берилмоқда.
Шунингдек, айрим мактабларда мактаб комиссияси томонидан етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатига эътибор бермасдан қабул қилиш ҳолатлари аниқланиб, сифатсиз маҳсулотларни қайтариш чораларини кўриш, шунингдек, ўрганиш ишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мажлисда қайд этилган камчиликлардан келиб чиқиб, бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш ишлари юзасидан депутатлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири