Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқув жиҳозлари топширилди
09:57 / 2025-06-17

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида “Нуроний” жамғармаси томонидан эзгу тадбир ташкил этилди. Унга мувофиқ, туман ҳудудида яшовчи 300 нафар оиланинг фарзандига дарс тайёрлаш учун зарур бўлган стол ва стуллардан иборат ўқув жамланмалари топширилди.

Тадбир тантанали руҳда ўтказилиб, унда Сирдарё вилояти “Нуроний” жамғармаси раҳбари Ўтбосар Абдиев, Боёвут туман ҳокимлиги масъул вакиллари, маҳаллий нуронийлар ҳамда фаол фуқаролар иштирок этишди.

Сўзга чиққанлар бу каби амалий ёрдамлар ёш авлоднинг таълими ва тарбиясида муҳим аҳамиятга эга эканини, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун яратилаётган шарт-шароитлар уларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини янада ошираётганини таъкидлашди.

– “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилаётган бундай тадбирлар, аввало, ёш авлоднинг келажагига қўйилаётган инвестиция ҳисобланади. Муҳтож оилалар фарзандларига нафақат моддий ёрдам кўрсатамиз, балки уларни маънавий қўллаб-қувватлаш, баркамол шахс қилиб вояга етказишни ҳам мақсад қилганмиз, – дейди жамғарма раҳбари Ўтбосар Абдиев.

Айтиш жоизки, туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига бириктирилган нуронийлар томонидан доимий равишда маънавий-маърифий суҳбатлар, китобхонлик акциялари ва тарбиявий учрашувлар ташкил этилмоқда. Бу эса фарзандлар қалбида меҳр-оқибат, масъулият ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири