Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқув йили олдидан аниқ вазифалар белгилаб олинди
12:53 / 2025-08-04

Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Мирзаобод туманидаги 10-сонли умумтаълим мактабида вилоятидаги умумтаълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг касбий малакасини мустаҳкамлаш ва ҳисоб-интизом тизимини яхшилаш борасида кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти, шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлимларининг мудирлари, таълим сифатини баҳолаш туман бўлими раҳбарлари ҳамда умумтаълим муассасалари директорлари қатнашишди.

Йиғилиш жараёнида жорий ўқув йилидаги устувор вазифалардан бири — ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини холисона баҳолаш, малакасини ошириш ва ўз касбига масъулият билан ёндашишга ундаш эканига эътибор қаратилди. 2024 йилнинг биринчи ярмида сабабсиз равишда малака ошириш курсларини тарк этган педагоглар билан тузилган шартномалар бекор қилинган. Бунда тартиб ва интизомга риоя этиш асосий мезон сифатида белгиланган.

Йиғилишда ўқитувчиларни миллий ва халқаро баҳолаш дастурларига тайёрлаш, ҳар бир фан бўйича дарс таҳлили асосида аниқ тавсиялар ишлаб чиқиш, электрон кундалик ва баҳолаш тизимини кенг жорий этиш ҳамда рақамли платформалар орқали таълимни самарали ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Маълум қилинишича, 2024–2025 ўқув йилида касбий сертификатлашувда иштирок этган 4 минг 161 нафар ўқитувчидан 845 нафари етарли балл тўплай олмаган. Гулистон шаҳри ва Сайхунобод туманида бу кўрсаткич айниқса юқори. Бу ҳолатлар танқидий кўриб чиқилиши, сабаб ва камчиликлар таҳлил этилиши кераклиги билдирилди.

Таълим сифатини ошириш баробарида мактабларда интизом, соғлом муҳит, жавобгарлик ва шаффофликни таъминлаш масалалари ҳам кўтарилди. Олимпиада ва тест синовлари, тўгараклар фаолияти, мактаб формаси, санитария ва хавфсизлик масалалари мактаб директорлари шахсий назоратида бўлиши лозимлигига алоҳида урғу берилди.

Техника воситалари ва электрон платформалардан самарали фойдаланиш даражаси ўрганилди. Баҳолаш ва кундалик юритиш жараёнини рақамлаштириш орқали холис ёндашувни таъминлаш кераклиги уқтирилди.

Шунингдек, ҳар бир таълим муассасасида ўқувчиларнинг шахсиятини шакллантириш, жамоа руҳини мустаҳкамлаш мақсадида мактаб брендларини яратиш, уларнинг умумий имижини шакллантириш ташаббуси илгари сурилди.

Йиғилиш якунларига кўра, узоқ йиллар таълим соҳасида самарали меҳнат қилган 24 нафар педагог тантанали равишда нафақага кузатилди. Уларнинг тажрибаси ёш авлод учун ибрат намунаси сифатида эътироф этилди.

“Долзарб 90 кунлик” лойиҳаси доирасида ижобий натижалар қайд этган Гулистон шаҳридаги 16-мактаб директори Чарос Халилованинг тажрибаси бошқа муассасаларда ҳам татбиқ этилиши режалаштирилди.

Йиғилишда таълим тизимидаги ислоҳотлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар билдирилди. Бошқарма раҳбарияти томонидан таълим сифатини оширишда ҳисоб ва назоратни кучайтириш муҳим экани уқтирилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири