Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқув йили бошланиб-бошланмай, пахта далаларига чиқиб кетар эдик...
15:39 / 2023-04-13

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари Қорақалпоқ давлат университетида Конституциявий ислоҳотларга бағишланган тарғибот тадбирида иштирок этиб, Конституциявий қонун лойиҳаси хусусида атрофлича фикр билдирдилар.

Жумладан, университет талабалари Конституция лойиҳасида акс этаётган ёшларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш, иқтидори, салоҳиятини юзага чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратишга оид нормалар билан таништирилди.  

— Болалар меҳнати, талабаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш... Биз бу жараёнларни бошимиздан кечирганмиз. 1-синфлигимиздаёқ пахта далаларига чиқиб, қор тагида қолган пахталарни терганмиз. Янги ўқув йили бошланиб-бошланмай, пахта далаларига чиқиб кетар эдик. Янгиланаётган Конституциямизда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга оид нормалар киритилгани алоҳида эътиборга молик. Жумладан, 44-моддасида  мажбурий меҳнат тақиқланиши, айниқса, болаларни мажбурий меҳнатга жалб этишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда. Бу борадаги нормалар барчамизни бирдек қувонтирди. Сўнгги йилларда юртимизда болалар ҳам, талабалар ҳам, ижтимоий соҳа вакиллари ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилмайдиган бўлди. Эндиликда бу конституциявий қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйилаётгани алоҳида эътиборга сазовор, — деди Феруза Муҳаммаджонова.  

Тадбирда депутатлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.    

Шунингдек, бу каби тарғибот тадбирлари Хоразм вилоятининг қатор ҳудудларида, ижтимоий соҳа муассасаларида ҳам ташкил этилиб, янгиланаётган Конституциянинг мазмуни тушунтирилди.    

Муҳтарама Комилова, ЎзА