Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона вилоят филиалида ҳайдовчи, ҳамшира, шифокордан иборат 308 та гуруҳда қарийб етти минг нафар одам ишлайди. Улар ҳамиша малакали хизмат кўрсатиши учун эса ўқув-семинарлар зарур эди. Шу мақсадда Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона вилоят филиалида соҳа ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув-симуляция маркази очилди.
У Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH)нинг “Ўзбекистонда шифохонагача тез тиббий ёрдам хизмати салоҳиятини ошириш” бўйича грант лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Марказ базавий ва кенгайтирилган реанимация, чақалоқлар реанимацияси, педиатрия амалиётида базавий реанимация, шифохонагача бўлган жароҳатлар, шошилинч туғруқ ва бошқалар бўйича ўқитиш учун замонавий симуляторлар билан жиҳозланган. Шунингдек, олис ҳудудларда тез тиббий ёрдам ходимларини ўқитиш учун мобил ускуналар мавжуд.
[gallery-27013]
–Энди бу марказда тез ёрдам ходимлари беморга оғир ҳолатда ёрдам кўрсатиш учун билим ва кўникмаларини ошириш имкони яратилди, – дейди реанематолог врач Жаҳонгир Абдуллаев.
Ўқув- симуляция марказидаги жиҳозлардан самарали фойдаланиш юқори малакали тренерлар тайёрлашни талаб этарди.
–15 кун давомида Жанубий Кореянинг Вен Жо шаҳрида Ён Су университетида профессор-ўқитувчилардан дунё стандарти асосидаги билим ва кўникмаларни олдик, – дейди Жаҳонгир. –Авваллари, масалан, юзта энг оғир аҳволдаги бемордан битта-иккитаси яшаб қолган бўлса, энди 10-15 нафарини ҳаётга қайтариш мумкинлигини амалда кўрдик.
Ўқув-симуляция марказида, шунингдек, тез ёрдам машиналарининг турли шароитдаги йўлларда юриши ва тебраниши чоғида шифокор беморга нисбатан қандай ёндашиши лозимлиги ҳам ўргатилади.
Бундан аввалроқ Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоят филиалларида ҳам шундай ўқув-симуляция марказлар очилган эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/i857nlO3_Ic" title="O‘quv - simulyatsiya markazi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат),
Муқимжон Қодиров (сурат),ЎзА