Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид қонунга асосан иш юритиш ва ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларидаги Президент Халқ қабулхоналари томонидан ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
Тадбирда Президентнинг Фориш туманидаги Халқ қабулхонаси, туман ҳокимлиги вакиллари, давлат органлари, корхона, ташкилот, муассасаларда мурожаатлар билан ишлаш бўйича масъул ходимлар, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этди.

Ўқув-семинарда Фориш туман Халқ қабулхонаси мутахассиси Рустам Тўйчиевнинг 2023 йил биринчи ярим йиллик якунлари, мурожаатлар билан ишлашда йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳақидаги ахбороти тингланди. Айниқса, семинарда йўл ҳаракати хавфсизлиги, тергов, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишларидаги мурожаатлар таҳлил этилиб, ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор қаратиш ва масъулият билан ёндашиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган семинарда мурожаатлар билан ишлашдаги электрон тизим ва механизмларга қўшимчалар киритиш, соддалаштириш бўйича таклифлар ҳам билдирилди. Шу каби ўқув-семинарлари вилоятдаги Президент Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ҳудуддаги бошқа шаҳар ва туманларда ҳам бўлиб ўтмоқда.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА