Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқув машқлари давом этмоқда
16:57 / 2025-07-24

Аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, масъул ташкилот ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Сирдарё вилоятида қўмондонлик-штаб ўқув машқлари изчил давом этмоқда.

Ўқув машқларнинг иккинчи куни Ширин шаҳрида жойлашган “Сирдарё ИЭС” филиали ҳудудида ўтказилди. Бу босқичда “Иссиқлик электр станциясида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар содир бўлган тақдирда объект раҳбарияти ва қутқарув тузилмаларининг Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизими хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида махсус тактик машғулот амалга оширилди.

Тадбирда шахсий таркибга фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, юзага келган ҳолатларда эса уларни тезкорлик билан бартараф этиш ҳамда белгиланган талаб ва қоидаларга қатъий амал қилиш бўйича йўриқномалар берилди.

– Ушбу ўқув машқлари ходимларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, хавфсизликни таъминлашда тизимли ёндашувни йўлга қўйиш ва объектда фавқулодда вазиятлар содир бўлган пайтда ҳамкорликда тўғри ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади, – дейди “Сирдарё ИЭС” филиали директори Баҳром Собиров.

Машғулот доирасида станцияда мавжуд техник восита ва ускуналарнинг ҳолати кўздан кечирилиб, мавсумий тайёргарлик даражаси бўйича ҳисоботлар тингланди. Шунингдек, магистраль газ қувурида газ босимининг пасайишига қарши чора сифатида энергоблокларни мазут ёқилғиси билан ишлатиш орқали ишлаб чиқаришни барқарор сақлаш ҳаракатлари амалга оширилди.

Ўқув машқларининг навбатдаги қисми Боёвут туманидаги махсус тайёргарлик ҳудудида ўтказилди. Бу ерда зилзила оқибатида юзага келган шартли вайроналиклар шароитида жабрланган фуқароларни қидириб топиш, қутқариш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва ёнғинларни бартараф этиш ҳаракатлари амалий жиҳатдан кўрсатиб берилди.

Жараёнда Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, давлат қуйи тизимига кирувчи идора ва ташкилотлар, кўнгилли қутқарувчилар ҳамда йиғма жамоаларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари баҳоланди.

– Машқлар орқали ҳар бир хизмат ва тузилма ўз вазифаларини аниқ англаб олади. Ушбу машқлар аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда муҳим амалий тажриба ҳисобланади, – дейди Сирдарё вилояти ФВБ Ахборот хизмати раҳбари Давронбек Сулаймонов.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири