Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида иккинчи маротаба ўтказилаётган Ўзбекистон ўқув марказлари форуми ўз ишини бошлади.
Тадбирда ўқув маркази вакиллари, таълим соҳасида катта тажрибага эга спикерлар, машҳур блогерлар ва таълим йўналишида контент яратувчи мутахассислар жамланди.

Форум тажриба алмашиш, янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш, таълим хизматларини ривожлантириш бўйича долзарб ечимлар топиш имкониятини яратди.
Форумнинг асосий вазифаси ўзбекистонлик ёшларнинг камида 2 та хорижий тилни мукаммал эгаллаши ҳамда 1 та замонавий касбни ўрганиши учун имконият яратишдан иборат.

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда мамлакатимизда жами 30 мингга яқин ўқув марказлари фаолият олиб боради. Хорижий тилларни ўрганиш, замонавий касбларни эгаллашни мақсад қилган ёшларни илк бор бир нуқтада, бир ғоя ҳамда бир мақсад йўлида бирлаштирадиган Ўзбекистон ўқув марказлари форумида мамлакатимизнинг 600 дан ортиқ ўқув марказлари вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, форумда тадбир иштирокчилари учун махсус сессия ва очиқ мулоқотлар бўлиб ўтди.
Форум якунлари юзасидан ўқув марказлари раҳбарлари иштирокида муҳокама йиғилиши ташкил этилди. Форумнинг иккинчи куни иштирок этаётган ёшлар учун ўзаро тажриба алмашинуви, ҳамкор ўқув марказлари тақдимотлари, форумнинг ёпилиш маросими ташкил этилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА