Президент топшириғи амалда
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 13 декабрь куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий таълим ташкилотларида абитуриентлар ҳамда камбағал ва кам таъминланган оилаларнинг битирувчи синфдаги фарзандлари учун тайёрлов курсларини ташкил этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилганди.
Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида биология фани курси ташкил этилган эди. Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини тайёрлов курслари орқали умумтаълим фанлари бўйича билимларини ошириш мақсадида иш бошлаган ўқув курсига Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида биология фанига қизиқувчи ўнга яқин ўқувчи жалб этилди. Уларга институтнинг аниқ ва табиий фанлар факультети биология ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари технологиялари кафедрасининг профессор-ўқитувчилари қўшимча шарт-шароитлар яратиб, фан сирларини чуқур ўргатди. Ҳозиргача уларнинг тўрт нафари синовлардан муваффақиятли ўтиб, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида имтиёз берувчи миллий сертификатга эга бўлди.

– Шу йил мактабни тугатаман. Биология фанига жуда қизиқаман, – дейди тумандаги 89-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мадина Маматқулова. – Институтда шу фандан ўқув курси очилгани мен учун катта имконият бўлди. Мактабдаги дарслардан бўш вақтимда институтдаги устозлардан қўшимча сабоқ олиб, қисқа даврда билимимни мустаҳкамладим. Бу фанни билиш даражаси бўйича олий таълим муассасасига киришда имтиёз берадиган миллий сертификат олдим. Бундан жуда хурсандман. Энди болаликдан ўзим қизиққан касб бўйича ўқишга ишончим янада ортди.
Мазкур ўқув курсида таълим олган тумандаги 22-мактаб ўқувчилари Тахмина Ҳамидова ва Зофина Мурадқулова ҳамда 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Робия Ашуровалар ҳам биология фанини билиш даражаси бўйича олий таълим муассасасига киришда имтиёз берадиган миллий сертификатга эга бўлди.

– Тайёрлов курси иш бошлаган дастлабки йилдаёқ ўз самарасини бермоқда, – дейди институтнинг биология ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари технологиялари кафедраси ўқитувчиси А.Боллиев. – Тингловчиларимиз фан сирларини катта қизиқиш билан ўрганиб, олий таълим муассасаларида ўқиш истагини кенг намоён этмоқда. Уларнинг олий таълим муассасасига киришда имтиёз берадиган миллий сертификатни қўлга киритаётгани бизга ҳам мотивация бермоқда. Келгусида бу борадаги ишларни янада кенгайтириб, ўқув курсига ёшларни кўпроқ жалб этишни мўлжаллаяпмиз.
Институт ректори Ойбек Рўзиев тайёрлов курсида фан сирларини чуқур эгаллаган бўлғуси биологларга олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида имтиёз берувчи миллий сертификат ва эсдалик совғаларини топшириб, келгусидаги ўқиш ва изланишларига омад тилади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири