Навоий вилоятидаги 430 та участка сайлов комиссияларининг аъзолари учун “Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси” га мувофиқ ўқув амалий машғулотлар бўлиб ўтмоқда.
Ўқув амалий машғулотлар 6 нафар Республика тренерлари ҳамда 40 та ҳудудий тренерлар томонидан олиб борилмоқда.

Машғулотлар давомида “Аралаш сайлов тизими ва унинг ўзига хос хусусиятлари”, “Сайлов комиссиялари тизими ва фаолиятининг асосий жиҳатлари”, “Сайловда сайловчилар рўйхати билан ишлаш”, “Участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни жиҳозлаш ва муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш”, “Участка сайлов комиссияларининг сайлов жараёни бошқа иштирокчилари (ОАВ, кузатувчилар, жамоат тартибини сақлаш ва бошқалар) билан ҳамкорлиги”, “Участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти”, “Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш ва натижаларни белгилаш” каби мавзуларда маълумотлар берилмоқда.

– Машғулотлар давомида тингловчиларга овоз бериш хоналарини жиҳозлаш, стационар сайлов қутисини белгиланган жойга жойлаштириш, далолатномаларни вақтида ва тўғри тўлдириш, кузатувчи ҳамда ОАВ вакилларини рўйхатга олиш каби масалаларда тушунчалар берилмоқда, – дейди республика тренерларидан бири – Навоий давлат педагогика институти Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси доценти Мурод Раҳматов. – Шу билан бирга сайловчилар рўйхатига сайловчини киритиш ёки рўйхат иловасига сайловчини қўшиш, овозларни санаш жараёнида ҳаракатлар кетма-кетлигига қатъий амал қилиш, баённомани тўғри тўлдириш, баённоманинг нусхасини ҳамма кўринарли жойга жойлаштириш ва бошқа вазифаларни тўғри бажариш юзасидан ҳам маълумотлар бермоқдамиз.

Ўқув машғулотлари сайлов бўйича махсус қўлланма, тақдимот материаллари ва видеодарслардан самарали фойдаланган ҳолда савол-жавоб тарзида олиб борилмоқда.
Ҳар бир участка кесимида ўқув режа жадвали тасдиқланган бўлиб, ўқувлар 14 октябрга қадар давом этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири