Оқтуба овулида боғча очилди
Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами кунларида Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани “Оқтуба” овул фуқаролар йиғинида 90 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими А.Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Г.Бахиева ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотларини тубдан ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги муассасалар ташкил этиш, болалар қамровини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Шу пайтга қадар овулда боғча йўқ эди. Давлат дастури асосида 3 миллиард 359 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган янги болалар боғчаси аҳолига ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири