Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оқтепа янада обод гўшага айланади
11:18 / 2022-01-19

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Балиқчи туманидаги Оқтепа маҳалласида бўлиб, аҳоли билан мулоқот ўтказди, уларнинг муаммо ва ташвишларини эшитди.

Оқтепа туман марказидан энг олисда жойлашган маҳаллалардан бири. Айни кунда маҳалладаги 700 дан ортиқ оила таркибида 2,5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Вилоят ҳокими мулоқотда маҳалла аҳлини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, фуқроларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, маҳалла ҳудудини ободонлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилишини, жумладан, маҳалланинг бош режасига асосан, мавжуд кўчалар шағалланиб, бетон қопламаси билан қопланиши, электр тармоқлари реконструкция қилиниши, аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланиши, шунингдек, маҳалла ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари амалга оширилишини таъкидлади.

[gallery-5487]

Шу куннинг ўзидаёқ маҳалла кўчаларини бетон қопламали йўлга тайёрлаш, электр тармоқларини янгилаш ишлари бошланди. Маҳалла ҳудудидаги эски бино ўрнида 500 киши доимий иш ўрнига эга бўладиган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона қурилишига старт берилди. Умуман, яқин кунларда ҳудудда 100 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти, қишлоқ врачлик пункти, дорихона, турли маиший хизмат кўрсатиш объктларига эга маҳалла гузари қурилишини бошлаш юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги мактабга инвестиция дастури доирасида 160 ўринли қўшимча ўқув биноси, янги мини стадион барпо этилиши ҳам белгиланган.

Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, кам таъминланган оилалар даромад манбаини шакллантириш, умуман, ҳар бир оила даромадни ошириш мақсадида оилаларга боқиш учун асалари, товуқ, қуён ва эчки бериладиган бўлди. Дастлаб бу борадаги ишларни намунали ташкил этиш учун бешта оила танлаб олинди. Шу кунларда маҳаллада белгиланган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун мутасадди ташкилотлар мутахассислари, қурувчилар эрта тонгдан қош қорайгунча астойдил меҳнат қилмоқда, маҳалла аҳли уларга камарбаста бўлмоқда.

– Оилаларга кўмак бериш мақсадида вилоят ҳокими бошчилигида бир қатор вилоят ташкилотлари раҳбарлари маҳалламиздаги ҳар бир оиланинг имконият ва шароитларини ўрганиб чиқяпти, деган гапни эшитиб, очиғи ишонмаган эдим, – дейди Оқтепа маҳалласи Ишчилар кўчасида яшовчи, меҳнат фахрийси Қодиржон Қобулов. – Қаранг, бугун вилоят ҳоким хонадонимда бўлди, мен билан суҳбатлашиб, дардларимни эшитди, оиламизга имкон қадар кўмак беришини айтди.

Чекка-чекка ҳудудларга қаратилаётган эътибор, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш, маҳаллани обод гўшага айлантириш мақсадида бошланган юқоридаги каби ишлар маҳалла аҳлини беҳад қувонтирмоқда. Жорий йилда бу каби ободонлаштириш ишлари Балиқчи туманидаги 10 та маҳаллада амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА