Самарқанд вилоятидаги “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳи ҳақида кўпчилик эшитган. Нуробод туманидаги тоғ бағрида, Оқсой қишлоғида жойлашган мазкур қадамжо мусаффо ҳавоси, гўзал манзаралари билан кишига хуш ёқади.
Юртдошларимиз бу жойни зиёрат қилиш билан бирга табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиб ҳордиқ чиқарадилар. Кейинги йилларда бу ерга маҳаллий сайёҳлардан ташқари хориждан ҳам меҳмонлар келиб, тоғ туризми йўналишлари ривожланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрдаги “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида вилоятдаги туризм салоҳияти юқори бўлган ва инфратузилмаси мавжуд ўндан ортиқ қишлоқ қаторида Оқсойга ҳам туризм қишлоғи мақоми бериш кўзда тутилган.

Айни пайтда Оқсойда бу мақомга эга бўлиш учун зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугун Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантиришга масъул ўринбосари Рустам Қобилов мутасаддилар билан бирга мазкур қишлоқда бўлиб, “туризм қишлоғи” мақомини олиш учун зарур бўлган 16 та асосий мезон бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни муҳокама қилди.

Жумладан, ҳудудда оилавий меҳмон уйлари ташкил этиш, туристик хизматларни йўлга қўйиш, эсдалик совғалари савдоси, экотуризм ва агротуризм йўналишларини ривожлантириш, зарур инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, меҳмонларга тиббий хизмат кўрсатиш ва хавфсизликни таъминлаш каби муҳим вазифалар юзасидан масъуллар ҳамда тезкор бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

– Эрта баҳордан кеч кузга қадар бу ердан меҳмонлар қадами узилмайди, – деди Р.Қобилов. – Сайёҳлар асосан кунлик меҳмон бўлиб, дам олиб кетишади ёки тоғларда сайр қилишади. Энди бир неча кун шу ерда қолиб, туристик хизматлардан фойдаланишлари учун уларга қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратиш зарур. Бу чора-тадбирлар қишлоққа келадиган сайёҳлар оқимини ошириб, маҳаллий аҳоли бандлигини ва даромадларини оширишга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири