Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оққўрғонлик тадбиркорларнинг муаммолари назоратга олинди
13:32 / 2021-08-14

Оққўрғон туманида Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов турли тармоқларда фаолият юритаётган тадбиркорларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини тинглади.

Мавжуд муаммоларни мутасадди бошқармалар раҳбарлари, тижорат банклари ва солиқ органлари вакиллари иштирокида ҳал этиш чоралари кўрилди.  

Қайд этилганидек, мазкур туман вилоятда қизил ҳудудларга киритилган бўлиб, барча кўрсаткичлар бўйича орқада қоляпти. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 10 август куни Тошкент вилоятида саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ҳам мавжуд муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтган эди. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда қарийб 7 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулотлар тайёрланиб, ўсиш 4,6 фоизни ташкил этган. Лекин бу мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан паст. Шу сабабли йил якунигача жами 18 триллион сўмлик товарлар ишлаб чиқариб, йиллик 8,5 фоиз ўсишга эришиш мўлжалланган.

Бунинг учун янги лойиҳаларни амалга ошириш, кам қувватда ишлаётган ёки тўхтаб қолган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш орқали ҳудудий саноатни ривожлантириш асосий мақсад қилинган. Шунингдек, транспорт-логистика, хизматлар, қишлоқ хўжалиги, қурилиш соҳалари устувор йўналиш этиб белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорлар иштирокидаги қабулда 100 га яқин ишбилармонларнинг мурожаати тингланди. Хусусан, ер ажратиш, кредит, электр таъминоти, солиқ имтиёзлари каби 10 га яқин масалалар кўриб чиқилди.

[gallery-3407]

– Қурилиш учун гипс маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз, – дейди "Эркин дизайн" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эркин Муродов. – Фаолиятимизни янада ривожлантириш учун қўшимча ер майдони керак бўляпти. Сабаби тайёрлаётган маҳсулотларимизни реклама қилиш мақсадида шоурум ташкил этиш ва мижозларга намойиш қилиш лозим бўляпти. Вилоят ҳокими мутасаддилар билан бирга ҳуқуқий маслаҳат берди. Масаламиз ижобий ҳал қилинадиган бўлди.

– Йўловчи ташувчи автомобилларга лицензия бериш билан шуғулланамиз, – дейди "Мустанг люкс" МЧЖ раҳбари Жаҳонгир Алиқулов. – Охирги пайтларда йўловчи ташиш йўналишларида лицензиясиз таксилар кўпайиб кетди. Айрим фуқаролар билан гаплашганимизда 2 минг сўмлик жойга ҳатто 7 минг сўм пул олаётган таксилар борлигини айтишди. Ҳозир Оққўрғон туманида 9 та йўловчи ташиш йўналишлари бор. Бироқ юқоридаги каби муаммолар туфайли мижозларимиз белгиланган тўловларни ўз вақтида беришга қийналяпти. Қабул давомида туман ҳокими таъкидлашича, яқинда ҳудудда янги шоҳбекат очилиши ва мавжуд муаммоларни бартараф этилиши бўйича масъуллар жалб этиладиган бўлди.

Мурожаатларнинг ижроси юзасидан тегишлилиги бўйича масъул мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди. Қонуний жиҳатдан қаноатлантириш имконияти мавжуд бўлмаган мурожаатлар бўйича тадбиркорларга тушунчалар берилди ҳамда лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича амалий ёрдам берилишига келишилди.

Шу кунларда вилоятнинг барча туман-шаҳарларида турли вазирлик ва бошқармалар томонидан шу каби сайёр қабуллар, учрашувлар ташкил этиляпти. Унда асосий эътибор тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш қаратиляпти.  

А.Мусаев,  ЎзА