Тошкент вилояти пиллакорлари уюшқоқлик билан “кумуш тола”ни йиғиб олиб, хирмонга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Эътиборлиси, жойларда пилла етиштириш соҳасида инновацион янгилик жорий этилиб, замонавий технологияларни қўллаш ўз самарасини бермоқда. Бир йилда уч мартагача ипак қуртини парваришлаш ва пилла етиштириш тизими йўлга қўйилди. Хусусан, вилоятда биринчилардан бўлиб Оққўрғон тумани пиллакорлари амалдаги режани 153,9 тонна яъни 100,5 фоиз қилиб бажарди. Ўз навбатида, Бўка тумани пиллакорлари ҳам маррани забт этди.
Маълумот учун, Тошкент вилоятида жорий йилнинг баҳорги мавсуми учун жами 27 минг 302 қутидан 1 минг 529 тонна тирик пилла етиштириш режалаштирилган. Бугунги кунгача 2 минг 746 та фермер хўжаликлари билан 20 минг 681 қути 1159 тоннага ва 3176 та касаначилар билан 6621 қути, яъни, 370 тонна контрактация шартномаларини тузиш ишлари тўлиқ якунига етказилган.
Шунингдек, туманларда ипак қуртини жонлантирилиши ва ривожланишини назорат қилиш мақсадида 819 та инкубатория ходимлари ва 109 та пиллачилик агрономлари фаолият юритмоқда. Ҳозиргача пилла ҳосилини қабул қилиш ишлари бир кунда 102,3 тонна, мавсум бошидан 1156,9 тоннани ташкил этмоқда. Жойларда терим жараёнлари тизимли давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА