English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оқова сувларни тозалаш иншооти фаолияти кўздан кечирилди
20:30 / 2025-05-15

Хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув хизматлари барқарорлигини ошириш” мавзусида халқаро конференция давом этмоқда.

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан Жаҳон банки ва Швейцария ҳукумати кўмагида ташкил этилган анжуманда бугун сув тозалаш жараёнларидаги технологик ютуқлар, оқова сувларни тозалаш ва қайта фойдаланиш масалалар муҳокама қилинди. Ушбу йўналиш бўйича йирик компаниялар тақдимотлари ўтказилди ҳамда ҳудудлар тажрибаси ўрганилди.

– “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Ўзбекистон сув таъминоти корхоналари ходимлари, оператор ва муҳандислари малакасини ошириш, уларга замонавий рақамли технологияларни ўргатиш борасида иш олиб боряпмиз, – дейди Корея республикаси сув ресурслари корпорацияси бош менежери Ким Ён Ёнг. – Ўзбекистонлик мутахассисларни Кореяга таклиф этиб, малака оширишларига имконият яратганмиз. Бундан ташқари, юртингиздаги сув иншоотларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича ўрганишлар олиб бориб, ўз таклиф ва тавсияларимизни билдиряпмиз. Умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган лойиҳа Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Самарқанддаги конференция давомида лойиҳа доирасида келгуси вазифаларимизни белгилаб олдик.

[gallery-23368]

Бугунги машғулотларнинг амалий қисмида иштирокчилар Самарқанд туманининг Захлик маҳалласида жойлашган, “Самарқанд сув таъминоти” акциядорлик жамиятига қарашли оқова сувларни тозалаш иншооти фаолияти билан танишди. 

Иншоот раҳбари Ринат Тагировнинг таъкидлашича, мазкур иншоот қурилиши 1964 йилда бошланиб, 1967 йилда фойдаланишга топширилган. Иншоотда сўнгги реконструкция ишлари 2016-2021 йилларда амалга оширилган бўлиб, жараён Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган. 

Айни пайтда мазкур иншоот бир кеча-кундузда 140 минг куб оқова сувни қайта ишлаш қувватига эга. Умумий майдони 36 гектарни ташкил этаётган корхонада 63 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Тозаланган оқова сувларнинг самарадорлик даражаси 85 фоизни ташкил этади. 

Конференция иштирокчилари иншоотда оқова сувларни қабул қилишдан то сув ҳавзаларига чиқаришгача бўлган жараён, фойдаланилаётган технологияларга алоҳида эътибор қаратишди. 

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари