Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, oқовa сув тизимини модернизация қилиш, ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва тоза муҳит яратиш йўлида илғор тажрибага эга давлатлар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Кореянинг “GhEna” компанияси билан олиб борилаётган ишлар ана шундай муҳим ташаббусларнинг бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда экологик ислоҳотлар изчил давом этаётган бир пайтда, “GhEna” компанияси мутахассислари ва “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти ўртасида ўтказилган учрашувлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олди. Томонлар oқовa сув тизимини замонавий технологиялар асосида қайта ташкил этиш, лойиҳаларни тез ва самарали амалга ошириш, ресурсларни тежаш ва чиқиндиларни қайта ишлаш имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Томонлар ўртасидаги мулоқотда Корея компаниясининг инновацион ечимлари алоҳида эътиборга олинди. Хусусан, oқовa сув тармоқларини тозалашда ҳосил бўладиган қуйқани қайта ишлаб, биогаз тайёрлаш технологияси тўғрисидаги таклифлар қизиқиш уйғотди. Бу каби лойиҳалар экологик муаммоларни камайтириш билан бирга, чиқиндидан қайта фойдаланиш орқали қўшимча иқтисодий самара бериши билан аҳамиятли.
Музокаралар якунида “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “GhEna” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат oқовa сув тизимини модернизация қилиш, янги технологияларни жорий этиш ва соҳадаги қўшма ташаббусларни амалиётга тезкор татбиқ этишга кенг йўл очади.

Бу ҳамкорлик нафақат технологик янгиланишни акс эттиради, балки аҳолининг ҳаёт сифати, шаҳар ва қишлоқларда экологик барқарор муҳит шаклланиши, келажак авлод учун тоза ҳамда соғлом табиий шароит яратилишига хизмат қилади. Ўзбекистоннинг экологик ислоҳотлари йўлида ташланаётган ҳар бир қадам ана шундай халқаро шериклик билан мустаҳкамланиб, ўз самарасини бериши шубҳасиз.
Нилуфар Бозорова, ЎзА