Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оқова сувлар — муаммо эмас, ечимга айланмоқда
17:43 / 2025-06-08

Ҳар бир ҳудуднинг барқарор тараққиёти, аввало, унинг экологик ҳолати билан чамбарчас боғлиқ. Сирдарё вилоятида ҳам табиий ресурсларни муҳофаза қилиш, ифлосланишнинг олдини олиш ва аҳоли учун соғлом муҳит яратиш мақсадида 2025 йилнинг биринчи ярмида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бу жараёнларда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фаол иштирок этмоқда. Мутахассислар нафақат назоратни, балки жамоатчиликни хабардор қилиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида экологик талабларга амал қилишни таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилашган.

Саноат фаолиятида оқова сувларни тозалаш ва уларнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш мақсадида йирик корхоналарда замонавий тозалаш инфратузилмалари яратиляпти. Хусусан, 9 та ишлаб чиқариш субъектида маҳаллий тозалаш иншоотлари капитал таъмирланиб, замонавий технологиялар билан қайта жиҳозланди. Бу орқали табиатга чиқарилаётган чиқиндилар таркибидаги зарарли моддаларнинг миқдори анча қисқартирилди.

Сирдарё туманида жойлашган “Река-Мед Фарм” ва “Ривер-Мед” корхоналарида мавжуд инфратузилмалар тубдан қайта қурилди. Гулистон шаҳридаги “Eco Stone” ва “Wangda Metal” корхоналарида эскирган ускуналар ўрнига янги, юқори самарадорликка эга тозалаш технологиялари жорий этилди. Боёвут туманидаги “Golden Osiyo Center CO” МЧЖ томонидан эса оқова сувларни табиий усулда тозалаш учун икки дона бетон хандак қурилиб фойдаланишга топширилди. Сайхунобод туманидаги “Гулистон Нефть Базаси”да тиндиргич ҳавзалар реконструкция қилиниб, биологик тозалаш иншоотининг қурилиши бошланди.

Шунингдек, “Сайхун-Голд-Оил” МЧЖ, Ширин шаҳридаги “Сирдарё Сув Таъминоти” АЖ филиали ва “ACWA Power Сирдарё” МЧЖда ҳам тозалаш тизимлари замон талабларига мувофиқ равишда модернизация қилинди. Ушбу ишлар фақатгина атроф-муҳитни муҳофаза қилиш эмас, балки аҳоли саломатлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Экология соҳасидаги яна бир муҳим йўналиш — бу ер ресурсларини тиклаш ва улардан барқарор фойдаланиш масаласидир. Қазиб олиш фаолияти оқибатида бузилган ер майдонларини қайта яшиллаштириш, яъни рекультивация қилиш ишлари ҳам жадал суръатларда давом этмоқда. Жорий йилда умумий 10,2 гектар майдонда тиклаш ишлари амалга оширилди. Бу ишлар “Бекобод цемент” АЖ, “Боёвут Фаровонлиги”, “Сирдарё Сайқали”, “Мовий Маржон Фазоси” ва бошқа хусусий корхоналар томонидан бажарилди. Шунингдек, Давлат геология қўмитаси ҳам 5 гектар майдонда рекультивация ишларини амалга оширди.

– Йил охиригача 5 та янги тозалаш иншоотини қуриш, мавжудларини модернизация қилиш, чиқинди сувларнинг табиатга чиқишининг олдини олиш ҳамда рекультивация ишларини кенгайтириш режалаштирилган. Бу ишлар орқали биз нафақат табиатни асраймиз, балки келажак авлод учун соғлом ва тоза муҳит яратиш йўлида муҳим қадам қўйяпмиз, – дейди вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу каби тизимли ислоҳотлар экотизим барқарорлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган узоқ муддатли стратегиянинг ажралмас қисми ҳисобланади. Табиатни асраш фақатгина давлат сиёсати эмас, балки ҳар бир инсоннинг шахсий масъулияти сифатида ҳам қабул қилиниши лозим.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири