Оқолтинда ғалла ўрим-йиғими мавсуми бошланди
Жорий йилги мавсумда Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида жойлашган кластерлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан жами 15 минг гектар майдонда ғалла экилган бўлиб, ундан юқори ҳосил олиниши режалаштирилган.
Мавсумга пухта тайёргарлик кўрилди. Мавжуд комбайнлар тўлиқ таъмирланиб, ҳаракатга шай ҳолатга келтирилди. Шунингдек, транспорт ва бошқа техника воситалари ҳам ўрим-йиғимга жалб қилинди.

Ўрим учун ташкил этилган отрядларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ишлари мутасадди ташкилотлар томонидан қатъий назоратга олинган.

Айни пайтда тумандаги "Бобур қишлоқ хўжалиги" кластери ғалла майдонларида ўрим ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Шу билан бирга, ўрим-йиғим жараёнида иштирок этаётган ишчилар учун озиқ-овқат, ичимлик суви ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири