Оқолтинлик ёш тадбиркор Анвар Нишонов "Барака текс" номли ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини йўлга қўйди.
Кичик корхонада ишлаб чиқарилаётган ярим тайёр, чўзилувчан маҳсулотлар табиий ва синтетик хомашёдан тайёрланади.
Ёш тадбиркор Халқ банкидан олинган 200 миллион сўм миқдоридаги кредит ҳамда ўз маблағи ҳисобидан Хитой давлатидан 4 дона дастгоҳ ва жиҳоз келтирди. Ушбу дастгоҳ ва жиҳозлар ҳисобига кунига 180-200 кг ярим тайёр, чўзилувчан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариб, тикувчилик корхоналарига етказиб бермоқда.
[gallery-21963]
–"Барака текс" масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйиш, ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳалламиз ҳудудидаги касб-ҳунар ўқув марказида бўш турган хоналарни имтиёзли равишда ажратиб бердик,— дейди "Аҳиллик" маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Комил Икромов.–Бунинг натижасида жами 300 миллион сўмлик янги лойиҳа амалга оширилди. Шу кунларда вилоятимиз ва қўшни вилоятдаги тикувчилик корхоналари билан келишув битимларини тузяпмиз. Бу эса, келгусида ушбу корхона фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш, янги иш ўринлари очиш имконини беради.
"Барака текс" корхонаси фаолияти йўлга қўйилганидан сўнг 6 нафар ёш иш билан таъминланди.
–Иш самарадорлигини оширишда замонавий дастгоҳларнинг ўрни катта бўлмоқда,–дейди Анвар Нишонов.–Режаларим бор, келгусида фаолиятимни янада кенгайтириб, нафақат Оқолтинда, Сирдарё вилоятида кўзга кўринган ёш тадбиркорлардан бири бўлмоқчиман.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-v-CF4lMIbs" title="Oqoltin tumanida yangi korxona ish boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов,Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат,видео),
ЎзА мухбирлари