Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Оқманғитда айни пишиқчилик пайти
05:58 / 2022-07-13

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаб келаётган Нукус тумани фермер хўжаликларининг далаларида айни пишиқчилиқ пайти.

–Бугунги кунда 2 минг гектар майдондаги ғўзани парваришлаш, сабзавот, полиз экинлари, дуккакли ва мойли экинларни йиғиб-териб олиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг бошлиғи Равил Бекниязов. – Жорий йилнинг дастлабки ҳосили ғалла етиштириш бўйича барча фермер хўжаликларида шартномавий режа ортиғи билан бажарилди.  Бунда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 майдаги   “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Айниқса, ғаллани давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмдан ортиқ харид қилишдан воз кечилиши деҳқонларимизга янада кўпроқ даромад олиш имкониятини яратди. Натижада тумандаги ғаллачилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликларининг аксариятида ҳосилдорлик юқори бўлди. Жумладан, “Қрантов” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги  “Хўжамурат-Оқманғит”, “Қутанкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Оразгул-Абат”, “Узоқ-Руслан”, “Арбаши” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ботир” фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 60-70 центнердан тўғри келди.

[gallery-7900]

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган туманда жорий йилда 218 та фермер хўжалиги  томонидан 4200 гектарга сабзавот, полиз экинлари экилди. Шундан, 2300 гектарини сабзавот, 1065 гектарини қовун-тарвуз, 250 гектарини картошка ва бошқа экинлар ташкил этади.

Бугунги кунда фермерлар томонидан етиштирилган  сабзавот, полиз экинларини йиғиб-териш ишлари олиб борилиб, “даладан-растагача” тамойили асосида аҳолига арзон нархларда сотилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, деҳқонлар помидорнинг ўзидан гектарига 15-20 миллион сўм, қовун-тарвузлардан 10 миллион сўм атрофида даромад қилмоқда.

Сўнгги йиллари ички бозорларни таъминлаб қолмасдан, маҳсулотларни экспорт қилишга ҳам аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, тумандаги “Қрантов” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги  “Биогумус” фермер хўжалиги ҳар йили 100 тонна қуритилган помидорни Италияга экспорт қилмоқда. Бундан ташқари, бошқа фермер хўжаликлари қовун-тарвуз, соя, кунжут ва бошқа маҳсулотларни Россия Федерацияси, Қозоғистон мамлакатларига экспорт қилиб, юқори даромад олмоқда.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассислари билан бир қатор фермер хўжаликларининг далаларида бўлдик. “Қутанкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Сейфул Малик” фермер хўжалиги аъзолари жами 98 гектар майдонга деҳқончилик қилади. Шундан 32 гектар ғалла майдонидан юқори ҳосил олишга эришди. 20 гектардаги ғўза майдонига агротехник тадбирлар асосида тарбия бермоқда. Бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳам юқори ҳосил олмоқда.

Қайси бир фермер даласида бўлманг, қизғин ишнинг гувоҳи бўласан. Барчаси асосий эътиборни етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишга қаратмоқда. Деҳқонларимизнинг мана шундай самарали меҳнати эвазига бугун бозорларимизда нарх-наво арзон, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлмоқда. Бунда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, қишлоқ хўжалиги соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, деҳқонларимизга зарур шароитларнинг яратиб берилиши асосий омил бўлмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА