Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинган. Унга кўра, таълим муассасаларида ишлаётган олимпиадаларнинг республика босқичи ғолиби бўлган ўқитувчилар лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланиши кўрсатилган.
Лекин барча идоралар ҳам ушбу қарор талабларини бажармаяпти. Хусусан, Бухоро тумани 7-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Г.Жўраевага ўтган давр мобайнида 78 миллион сўмдан ортиқ устама тўловлари тўланмаган. Фуқаро эса ушбу ҳолатдан шикоят қилиб, вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаронинг мурожаати ўрганиб чиқилди. Унга 78 миллион 276 минг 967 сўм устама тўловлари ундириб берилди. Айбдор шахсларга нисбатан эса қонунда белгиланган жавобгарлик чоралари кўрилди. Ўз навбатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунийликни таъминлаш мақсадида адлия идоралари томонидан ҳар бир фуқаронинг мурожаати қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, бузилган ҳуқуқларини тиклаш чораси кўрилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА