French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчилик улуғ ва шарафли касб
22:05 / 2022-10-09

Ҳар қайси инсон илк бор ёзиш, чизиш, ўқишни ўқитувчидан ўрганади. Унинг қўлида савод чиқаради, таълим-тарбия олади. Бугун биз бирон касбни эгаллаб, юрт корига хизмат қилар эканмиз, аввало, устоз ва мураббийларимиздан миннатдор бўламиз.

“Ўқитувчи ва мураббийлар куни” юртимизда 1997 йил 1 октябрдан бошлаб умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келинмоқда. Жаҳонда ягона касб байрамининг умумхалқ байрами сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиб келинаётгани давлат, миллат ҳамда жамият келажагини белгиловчи ёш авлодни комил инсонлар қилиб тарбияловчи, энг улуғ касб эгалари бўлмиш ўқитувчи ва мураббийларга ҳукумат даражасида берилаётган юксак эътибор натижасидир.

Ҳурмат Турсунова Бухоро вилояти Когон туманидаги 3-умумтаълим мактабига 2018 йилдан буён директор. Фаолиятининг 35 йили давомида ўқувчиларга математика ва информатика фанидан сабоқ берган фидойи муаллиманинг  иш тажрибаси илғор фан ўқитувчиси сифатида вилоятда,  республика миқёсида оммалашган. Раҳбарлик фаолиятида ҳам Ҳурмат Турсунова ўзининг ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини намоён этиб, мактаб рейтингини оширишга эришди. 2021 йилда у етакчилик қилаётган жамоа “Энг яхши мактаб раҳбарлари жамоаси” танловида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Мактаб ўқувчилари ҳам фан олимпиадаларида фаол иштирок этмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида мактаб жамоаси туманда фахрли биринчи ўринни эгаллаб 100 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. 

Ҳурмат Турсунова ҳаётида 2022 йилги касб байрами унутилмас  шодиёна сифатида муҳрланди. Устоз давлатимизнинг юксак мукофоти –“Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. 

– Камтарона меҳнатимнинг юксак эътироф этилганидан жуда мамнунман, – дейди Ҳурмат Турсунова. – Бу эътибор менга янгича ғайрат-шижоат бағишлади. Инсон қадри, меҳнати улуғланган ана шундай юртда туғилганимдан ва шу юртнинг ўқитувчиси эканлигимдан фахрланаман. Меҳнатимни қадрлаб давлат мукофотига лойиқ деб топганлари учун Президентимизга раҳмат.

 

Зариф Комилов, ЎзА