Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчилик шарафли касб
11:16 / 2023-10-07

Инсоннинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишида ўқитувчи, мураббийнинг ўрни беқиёс. Муаллим нафақат болада билимга иштиёқ уйғотади, балки унинг истеъдоди, қобилиятини ҳам кашф этади. Замонавий технология қанчалик ривожланмасин, жонли мулоқотнинг ўрнини боса олмайди. Билимни сингдиришда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги ижодий фаолият жуда муҳим. Демак, таълим ва тарбияда мураббийнинг роли ҳал қилувчи омил бўлиб қолаверади.

Шу боис ҳам бутун дунё бўйлаб устоз ва мураббийлар доимо эътибор ва эъзозда. 1994 йилдан буён ҳар йили 5 октябрь Жаҳон ўқитувчилари куни сифатида кенг нишонланади. 

Бу сана Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва ЮНЕСКО томонидан 1966 йил 5 октябрь куни “Ўқитувчилар мақоми тўғрисида”ги тавсиянома қабул қилингани билан боғлиқ. Ҳужжатда педагоглар ҳуқуқи ва мажбурияти, уларни тайёрлаш, малакаларини ошириш, ишга олиш ва меҳнат шароити билан таъминлашга оид халқаро стандартга оид қоидалар белгиланган. 1997 йил ЮНЕСКО Бош конференциясида мазкур нормага қўшимча равишда Олий таълим муассасалари педагог кадрлари мақоми тўғрисида тавсия қабул қилинди. 

Жаҳон ўқитувчилар кунини нишонлаш ўқитувчиларга ўз истеъдодини кашф этиш ва касб маҳоратини оширишда кўмаклашиш зарурлигини билдириш учун қўшимча имкониятдир.

Сана муносабати билан бутун дунёда турли тадбирлар ўтказилади. Ҳар йили Жаҳон ўқитувчилари куни муносабати билан маълум бир мавзу танланади. Жорий йилги тадбирлар “Сифатли таълим учун ўқитувчилар: ўқитувчи етишмовчилигига қарши курашиш учун глобал эҳтиёж” шиори остида ўтмоқда. Кун тартибидаги асосий масала – Ўқитувчилар сони қисқаришини қандай тўхтатиш мумкин, дунё бўйлаб одамларни ўқитувчилик касбига жалб қилиш учун қандай чоралар кўриш керак? 

Ўқитувчи нуфузини ошириш, унинг қадр-қимматини янада кўтариш мақсадида ўтказилаётган тадбирларда муаммолар таҳлил қилиниб, инсонларда ушбу касбга нисбатан меҳр уйғотиш, уларни рағбатлантириш усуллари таҳлил қилинади. Шунингдек, жамият ва оила даражасида ўқитувчиларни эътироф этиш ва фаол қўллаб-қувватлаш йўллари кўриб чиқилади. 

ЮНЕСКО маълумотига кўра, 2030 йилга бориб умумий бошланғич таълим мақсадига эришиш учун қўшимча 69 миллион ўқитувчи керак бўлади. Бу муаммо Саҳрои Кабирдан Жанубий Aфрикагача энг долзарб ҳисобланади. 

2030 йилга бориб умумий асосий таълимга эришиш учун қўшимча 24,4 миллион бошланғич синф ўқитувчиси ва 44,4 миллионга яқин ўрта мактаб ўқитувчисига эҳтиёж бўлади. 

Сўнгги бир неча йил ичида дунёда рўй берган глобал ўзгаришлар – санитария инқирози, можаро ва зўравонлик, ижтимоий тенгсизлик, демографик ўзгариш, рақамлаштириш ва атроф-муҳит деградацияси халқаро ҳамжамиятни таълим келажаги ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда. 

Биргина мисол: COVID-19 пандемияси ўқитувчи таълим тизимини ҳаракатлантирувчи куч эканини кўрсатди. Уларсиз инклюзив ва сифатли таълим беришнинг иложи йўқ. Аксарият муаллимлар, хусусан, онлайн ва масофавий таълим билан боғлиқ жараённи қайта ташкил этиш ва мослаштириш, шунингдек, талабалар ва уларнинг оила аъзолари моддий хавфсизлигини таъминлаш, уларга ижтимоий-маънавий ва психологик ёрдам кўрсатишда иштирок этиши керак эди.

ЮНЕСКО таълим жамиятни ўзгартиришда доим муҳим ўрин тутганини, шунинг учун барқарор келажак яратиш учун таълимнинг ўзини ўзгартириш кераклигини таъкидлайди.

БМТ эса бугунги кунда таълим тизими ҳам нотинч жараённи бошидан кечираётганини айтади. Дунёдаги болаларнинг 90 фоиздан кўпи COVID-19 пандемияси туфайли таълим олишни тўхтатди. Бу соҳа тарихидаги энг катта узилиш. Таълим тизими кўпроқ ўқувчига йўналтирилган, технологияга асосланган, динамик, инклюзив, ҳамкорлик ва ижод қилиш учун ўзгарувчан кўникмага мослашиши керак.

Ташкилот анъанавий таълим тизимидан четда қолганлар учун зарур бўлган кўникмага, ўз малакасини ошириш имконига эга бўлиши учун муқобил вариантлар ишлаб чиқишга чақиради.

Қолаверса, ўқитувчини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ЮНЕСКО – Ҳамдан мукофотини жорий этган. 2030 йилгача барча учун сифатли таълимни таъминлаш, Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида ўқитиш ва таълим сифатини оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2008 йил таъсис этилган мазкур соврин ҳар икки йилда бир марта Бирлашган Араб Амирликларидаги Ҳамдан бин Рашид Aл Мактум жамғармаси кўмагида ажойиб академик ютуқлар учун берилади. 

Мукофот қиймати 300 минг долларга тенг бўлиб, лойиҳалари бутун дунё бўйлаб ўқитувчи фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган уч нафар ғолиб ўртасида тақсимланади. Улар педагогика соҳасида катта тажриба ва билимга эга беш нафар мутахассисдан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан сараланади.

Мамлакатимизда ҳам ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кенг нишонланади. Сана муносабати билан турли байрам тадбирлари ташкил этилиб, ўқитувчи, мураббийларни тақдирлаш яхши анъанага айланган. Ҳар йили давлатимиз раҳбарининг махсус фармони билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган кўплаб ўқитувчи ва мураббийлар юксак давлат мукофотлар билан тақдирланади.

Гўзал Сатторова, ЎзА