Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчиларнинг ойлик маоши 2025 йилга қадар 1 минг АҚШ долларига оширилади
11:30 / 2022-01-21

Бу ҳақда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026-йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида кўзда тутилган.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламентлари” ҳамкорлигида мазкур лойиҳага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Лойиҳа мамлакатимизда кейинги беш йилликда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган. Унда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Президентлиги лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи ва сайловолди дастурида илгари сурилган ташаббуслар акс эттирилган.

Лойиҳа муҳокамаси давомида келгуси беш йилликка мўлжалланган тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат бўлиши қайд этилди.

Жумладан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга қаратилади ҳамда келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Марказий идоралар трансформация қилиниб, ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади, бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади.

Адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон қадр-қимматини таъминлаш вазифалари қамраб олинади. Миллий иқтисодиётни ривожлантириш, 2030 йилга бориб, жон бошига ҳисоблаганда аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторига чиқиш мақсад қилиняпти.

Сифатли таълим-тарбия масаласи доимий эътибор марказида бўлади. Ўқитувчиларнинг ойлик маошини изчил ошириб борилиб, 2025 йилга қадар 1 минг доллар миқдорига етказиш кўзда тутилган. Янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади.

Шунингдек, фуқаролар саломатлигини сақлаш учун барча шароит яратилади. Келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар маоши ҳам 1 минг доллар эквивалентига етказиш режалаштириляпти.

Кейинги йўналишни асосан маънавий ва маърифий соҳаларни ривожлантириш ташкил этади. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” концепцияси амалга оширилади. Маданият ва саъатни юксалтириш, ёшларни соғлом эътиқод руҳида тарбиялаш, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилади.

Глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги вазифалар ўз ифодасини топган. Қуролли Кучларимизнинг қудрати янада оширилиши, ҳарбийларнинг жанговар шайлиги, жисмоний ва маънавий тайёргарлиги кучайтирилади.

Мазкур муҳим концептуал ҳужжатда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезонга айланади.

Гулноза Бобоева, ЎзА