Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчиларнинг энг яхши методик ишланмалари оммалаштирилади 
14:38 / 2024-02-23

Илғор тажрибага эга бўлган, фаолияти давомида замонавий методикаларни қўллаб келаётган ўқитувчиларни аниқлаш ва уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ommalashtirish.uz платформаси ташкил этилган.

АОКАда ташкил этилган брифингда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собированинг қайд этишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024 йил 7 февралдаги тегишли буйруғига асосан ўқитувчиларнинг энг яхши методик ишланмаларини аниқлашнинг аниқ ва тезкор йўналишларини амалиётга жорий этиш мақсадида платформа фаолияти янада такомиллаштирилди. 

Мазкур янги форматдаги платформа жорий йилнинг 1 март кунидан ишга туширилади. Педагоглар ўз методик ишларини жорий йилнинг 1 мартига қадар, мактаб педагогик кенгашига тавсия этиши мумкин. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг юқорида келтириб ўтилган буйруғи асосида “Ўқитувчиларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш тартиби” тасдиқланган бўлиб, унга кўра, мазкур оммалаштириш тартиби умумий ўрта таълим мактаби, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари, махсус мактаб-интернатлари, меҳрли мактаб ўқитувчиларига татбиқ қилинади ва ихтиёрий ҳисобланади. “Оmmalashtirish.uz” платформасида рўйхатдан ўтиш учун талабгорнинг телефон рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами киритилиши лозим. Киритилган телефон рақамига келган парол орқали маълумотлар тасдиқланади. 

Оммалаштириш учун тавсия этилган иш тажрибалар методик қўлланма ёки методик тавсия кўринишида, методик қўлланманинг энг кам ҳажми 24 бет, методик тавсиянинг энг кам ҳажми 10 бетдан иборат бўлиши керак. Методик қўлланма ёки методик тавсия кўринишида бўлмаган ҳамда ўтган йиллар давомида оммалаштирилган методик ишлар қабул қилинмайди. 

Танлаб олинган методик ишлар мактаб, туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида оммалаштирилади. Мактаб миқёсида оммалаштиришда педагогнинг методик иши мактабнинг Метод бирлашмаси томонидан муҳокама қилинади ҳамда илғор иш тажрибасига эга деб топилган тақдирда мактаб миқёсида оммалаштириш учун мактабнинг Педагогик кенгашига тавсия этилади. 

Агар талабгорнинг методик иши оммалаштиришга лойиқ, деб ҳисобланса, Педагогик кенгаш қарори билан мактаб миқёсида оммалаштирилади. Шу билан бирга, кейинги босқичларга юбориш учун платформага жойлаштирилади. Туман (шаҳар) ва вилоят миқёсида оммалаштиришда “ommalashtirish.uz” платформаси орқали юборилган методик иш тегишли фанлар бўйича Ўқув методик кенгаши томонидан ўрганиб чиқилади. 

Бунда талабгорнинг методик иши максимал 80 балл билан баҳоланади. 50-65 балл билан баҳоланган методик ишлар туман (шаҳар) миқёсида, 66-80 балл билан баҳоланган методик ишлар вилоят миқёсида оммалаштирилган деб ҳисобланади ва сертификат олиш учун Республика таълим марказига юборилади. 75-80 балл билан баҳоланган методик иш республика миқёсида оммалаштириш учун тавсия этилади. 

Мазкур босқичлар давомида белгиланган балларни тўплай олмаган талабгорларнинг методик иши асослантирилиб, “ommalashtirish.uz” платформасига жойлаштирилади. Туман (шаҳар), вилоят миқёсида оммалаштириш тўғрисидаги Ўқув методик кенгаш қарори ҳар йили 15 майга қадар платформага жойлаштирилади ҳамда Республика таълим маркази томонидан махсус сертификат берилади. Ушбу сертификат платформа орқали талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади. Унинг амал қилиш муддати уч йилни ташкил этади. 

Мактаб миқёсида оммалаштирилган методик иш учун мактаб Педагогик кенгаши қарори асос ҳисобланади ва у ҳам уч йилга қадар амал қилади. Республика миқёсида оммалаштириш учун юборилган методик ишлар Республика таълим марказининг Илмий-методик кенгаши томонидан ўрганилади. 86-100 балл билан баҳоланган методик иш ушбу Кенгаш томонидан республика миқёсида оммалаштириш учун тавсия этилади. 

Бу ҳақдаги қарор ҳар йили 30 майга қадар “ommalashtirish.uz” платформасига жойлаштирилади. Кенгаш қарорларидан норози бўлган талабгор уч иш куни ичида Апелляция комиссиясига мурожаат қилиши мумкин. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА