Сирдарёда инклюзив таълимни ривожлантириш ва болаларда психологик соғлом муҳит яратишга бағишланган амалий семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбир Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси ташаббуси билан 71-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ташкил этилди.
Семинар давомида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган педагоглар янги педагогик усуллар, замонавий методик ёндашувлар ва инклюзив таълим амалиёти бўйича фикр алмашдилар. Улар ўз тажрибаларини ҳамкасблари билан бўлишиб, ҳар бир мавзуда самарали муҳокамалар олиб боришди.

Ўқитувчилар асосан тўрт йўналишда билимларини мустаҳкамладилар: инклюзив таълимга ёндашув, бошланғич синфларда фанларни ўқитиш методикаси, стрессни енгиш усуллари ва дарсдан кейинги машғулотларни ташкил қилиш.
Ҳозирда вилоятда 62 та мактабда 87 та инклюзив синф фаолият кўрсатмоқда ва уларда 117 нафар алоҳида эҳтиёжга эга бола таҳсил олмоқда.

– Педагоглар учун ташкил этилган ушбу семинар уларнинг малакасини оширишга хизмат қилади ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси масъули Наргиза Турдимуродова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири