Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчилар участка сайлов комиссиялари аъзолигига қандай жалб қилинади?
16:50 / 2021-08-25

Бу йил Ўзбекистон аҳли муҳим сиёсий воқелик – Президент сайлови арафасида турибмиз. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган сиёсий жараён ‒ 2021 йил 24 октябрь куни ўтказиладиган давлат раҳбари сайлови ҳар биримизнинг тақдиримизга бевосита боғлиқ воқелик ҳисобланади.

Ўзбек халқи Президент тимсолида ўз йўлбошчиси, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги энг муҳим масалаларни ҳал қилувчи, халқимиз ва юртимизнинг хавфсизлиги ва тинчлигини таъминловчи лидерни кўради.

Бу жараёнда сайлов қонунчилиги талабларини сўзсиз, аниқ ва бир хилда ижро этилишини таъминлашда участка сайлов комиссияси аъзолари зиммасига юксак масъулият юклайди. Ўз навбатида участка сайлов комиссиялари ўз ваколатларини қонунга қатъий риоя қилган ҳолда оғишмай ўз вақтида ва аниқ бажариши сайлов кампаниясининг муваффақиятли ўтказилиши билан чамбарчас боғлиқдир.

Қайд этиб ўтиш лозимки, сайлов комиссияси фаолиятига масъулларни жалб қилиш ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар томонидан кенг муҳокама қилинди. Айрим фойдаланувчилар томонидан «Ўқитувчилар участка сайлов комиссияси фаолиятига мажбуран жалб қилинмоқда», «Участка сайлов комиссияси аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш пайсалга солинади» мазмунидаги фикрлар билдирилган. Юртимиздаги Президентлик сайлов кампаниясига фуқароларнинг шахсий позициясини билдириш амалиёти очиқлик сиёсатини кўрсатиб турибди.

Бу борада қуйидаги муҳим жиҳатлар сайлов жараёнига жалб қилинган, айниқса, участка сайлов комиссияси аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш, харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғри йўлга қўйилганини яққол кўрсатиб турибди.

Биринчидан,сайловларга пухта тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни оқилона молиялаштириш мақсадидасайлов жараёнини молиялаштириш тартибига ўзгартириш киритилиб, сайлов комиссияларининг харажатлар сметалари сайлов ўтказиладиган йилнинг биринчи чорагида Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилиши белгиланди. Бу эса ўз ўрнида, сайловни молиялаштириш билан боғлиқ тайёргарлик жараёнини енгиллаштиришга хизмат қилди.

Иккинчидан, участка сайлов комиссиялари аъзосига юклатилган ваколатларнинг кенг кўламлиги ва масъулиятлилигидан келиб чиқиб, уларга муайян талаблар белгиланган. Яъни, ҳамма ҳам участка сайлов комиссиялари аъзоси бўлавермайди. Хусусан, комиссия аъзолигига номзодлар йигирма бир ёшга тўлган бўлиши, ўрта ёки олий маълумотга эгалиги, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эгалиги ва энг асосийси аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар бўлиши муҳим ҳисобланади.

Учинчидан,Сайлов кодексининг 25-моддасига мувофиқ, участка сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблардан яна бири сифатида участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслигини айтиш мумкин.

Яъни, участка сайлов комиссияси аъзоларини шакллантиришда комиссия аъзолигига номзодлар таркибига нодавлат нотижорат ташкилотлари, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, ҳуқуқий билим ва малакага эга шахслар, яъни юрисконсультлар, адвокатларни, хорижий тилларни биладиган мутахассисларни ҳам киритиш тавсия этилади.

Тўртинчидан, участка сайлов комиссиялари аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида сайлов комиссияси аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида назарда тутилган кафолатлар қўлланилади. Яъни, ходимга сайлов ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.

Бешинчидан, участка сайлов комиссияларининг аъзоларига харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланиши алоҳида белгиланган. Бу ўз ўрнида, ушбу шахсларнинг сайлов жараёнида ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришига хизмат қилади.

Олтинчидан,қонунчиликда доимий иш жойига эга бўлмаган участка сайлов комиссиялари аъзолари, шу жумладан комиссия аъзолигига жалб қилинган пенционерларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Бу борада, ушбу шахсларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланиши белгиланди.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, участка сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзоларининг миллий сайлов қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида фаолият юритиши учун ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий замин яратилган.

Бекзод Наримонов, ТДЮУ

Конституциявий ҳуқуқ кафедраси доценти,

Юридик фанлари бўйича фалсафа доктори