Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўқитувчилар ўртасидаги рақобат туфайли бир кўзимдан айрилганман” – Ҳар йили ўнлаб ўқувчиси ОТМга кираётган йигит
08:00 / 2022-02-10

ЎзА “Ҳаётий ҳикоялар” лойиҳасини йўлга қўйди. Бу лойиҳада инсонлар ҳаётида рўй берган реал воқеалар чоп этиб борилади. Дастлабки ҳикоя битта кўз билан ўқитувчилик қилаётган йигит ҳақида.

Буни қарангки, бир кўз билан таълим бераётган ўқитувчининг ҳар йили ўнлаб ўқувчиси олий таълим муассасаларига қабул қилинади.Суҳбатдошимиз илтимосига кўра, унинг исмини ошкор этмаган ҳолда ҳикояни тақдим этамиз.

 “Ёшим 25 да, ўқув марказида тарихдан репетиторлик қилаётганимга 6 йил бўляпти. Қўшимчасига мактабда ҳам дарс бераман. Бугун сизларга бошимдан ўтказган бир воқеани айтиб берсам, бундай бўлиши мумкин эмас, дейсиз... 

 Оилада тўнғич фарзанд эдим. 2015 йил коллежни тамомлаб, университетга ҳужжат топширдим. Ўқув марказида яхши тайёрланган, ҳатто юқори балл тўплаган бўлсам ҳам, киролмадим. У пайтлар 1 августдаги имтиҳон нақадар “шаффоф” ўтишини айтишим шарт эмасдир. Ўшанда ўқишдан йиқилганлар олдида 2 та йўл қоларди: ё кирмагунча қайта-қайта уриниш, ёки тирикчилик важидан бошқа йўл қидириш. 

 Мен биринчи йўлни танладим. Охирги марта уриниб кўришга қарор қилдим. Ўша йили декабргача ўқишга ҳафсалам бўлмади. Февралдан яна ўқув марказига қатнай бошладим, аммо кутилмаганда... Май ойига бориб оилавий аҳволимиз қийинлашиб қолди (қишлоқда яшардик), чунки даромад кам, турмушимиз оғир эди. 

 Онам кунлик мавсумий ишларда ишлар, мендан бошқа фарзандларнинг ҳам бўйи етиб қолганди. Ҳатто синглим ҳам мавсумий ишларда ишлаб, онамга ёрдам берарди. Улар ўқув марказидаги қўшимча дарслар-у харажатим учун пул топиб беришаётганди. Кўра-била туриб, уларга оғирлик қилишни ўзимга эп кўрмадим. Уйдагиларга бироз енгил бўлади деб, учинчи фандан қўшимча дарсларни тўхтатдим (у пайтлар 3 та фандан тест бўлишини биласиз). Ўшанда ўқишдан бир неча бор йиқилган, ҳаётнинг аччиғини ёшига нисбатан кўпроқ тотган бир қиз: “Кейин афсус қиласан, учинчи фанни ташлама, бу панд беради”, деганди. 

 Орадан озроқ вақт ўтиб, ўша қиз билан яна кўришдик. Унда вазият бошқача эди. Мен талаба бўлиб, юқори балл билан университетга ўқишга киргандим. Мақтаниш эмас, ўқув марказида энг кучли ўқувчи бўлдим. Ўзимга ишончим жуда баланд эди. Ўқишга киргач ҳам қалбимдаги мана шу ишонч ва мағрурлик ҳисси алангалаб бораверди. Университетда ҳам энг илғор талабага айландим. 2017 йил иккинчи босқичга ўтганимда ўзим ўқиган ўқув маркази мени ишга таклиф қилди. Шундай қилиб, 19 ёшимдан марказда репетиторлик қила бошладим. Шогирдларим яхши натижа кўрсата бошлашди. 

Аммо, ана шундай кунларнинг бирида ҳаётимда катта бурилиш ясаган воқеа содир бўлди. 

 Дарс бериб, харажатларимга уч-тўрт сўм пул топаётган пайтларим эди. Афсуски, ўқув марказидаги ўқитувчи-репетиторлар орасида зимдан рақобат кетарди. Улар ўқувчиларининг қандай натижа кўрсатиши бўйича қаттиқ баҳслашарди. Абитуриентлигимда менга дарс берган устозим марказдаги бир ўқитувчи билан қаттиқ баҳслашиб қолди. Табиийки, мағрурлигим мени ҳам бу баҳсга чорлади. Кейинчалик бу рақобат ўқув марказидан ҳаётимизга ҳам кўчди. 

 Беллашаётган устозлар ўз ўқувчилари билан ўзаро жамоа тузиб, футбол ўйнашга келишишди. Ўйин ҳар ҳафта ўйналадиган одатга айланди. Бора-бора нафақат билимда, балки футболда ҳам ютқазиш ҳар иккала томонга аламли туюла бошлади. Вазият шу даражага етдики, ютқазмаслик учун ҳатто ташқаридан бегона ўйинчилар ёллайдиган бўлдик. Рақобат ўта носоғлом тус ола борди, шунда инсонийлик ҳам четга сурилди гўё. Қайсидир ўйинда четдан олиб келинган ўйинчилардан бири тўпга сакраётиб, тирсаги билан кўзимга уриб юборди. Табиийки, буни қасддан қилмадим, деб узр сўради, аммо кеч бўлган эди. Кўп ўтмай менга кўз шох пардасида қаттиқ кўчиш ташхиси қўйилди. 

 Алам қилгани шуки, биз ютқазсак, кейинги сафар ютишни ўйлаб келардик, лекин бу гал ундай эмасди. Камина ҳаётнинг бу ўткинчи ўйинида аламли мағлубиятга учраганди, чунки шундан сўнг бир кўзим бутунлай кўрмайдиган бўлиб қолди... 

 Ҳозир битта кўзим кўрмаслиги атрофдагиларга билинмайди. Четдан қараганда соғ кўздан фарқи йўқ. Аммо у фақат ёруғликни аранг сезади. Шифокорлар донор топилса, бутун кўзни алмаштириш мумкин дейишяпти. Яқинларимга бир кўзим кўрмай қолганини сездирганимча йўқ. Ахир онам эшитса... 

 Бу воқеадан соғликнинг – ҳаётнинг қадрини кўпроқ тушуна бошладим. Олдингидан кўра кўпроқ ўқишга ҳаракат қиляпман, аммо бунда кўпроқ Ҳақ йўлида юриш, иймонни мустаҳкамлашга юзланиш кераклигини тушундим. Бир кўзим ишламагани ҳолда биринчи йили 12 нафар, кейинги йили эса 18 нафар ўқувчим олий ўқув юртига ўқишга кирди. Мен киришни истаган, аммо киролмаган жойларга. Насиб этса, бу йил 30 та ўқувчим натижа кўрсатса, кейинги йил ундан ошади, деб мақсад қиляпман. Ҳозир режаларим ўзгаряпти, мақсадлар катталашяпти. Бу йил магистратурага ҳам ҳужжат топшириш ниятидаман. 

 Одам вақти келиб, билиб-билмай ўткинчи ҳавасларга, дунёнинг беҳуда ўйинларига қўшилиб қоларкан-у, бехосдан бир дард учраб, ҳозиргача ўтган умрни таҳлил қиларкан. Ўша воқеадан кейин қалбимда катта фарёд исён қилди, аста-секин бу аламлар босилди. Бундан баттар бўлиши мумкин эдими, деб кўп ўйлайман. Лекин, сени ҳозир биров етакламаяпти. Бировга қарам эмассан. Ўзингни эплайсан. Кимдандир орқада бўлишинг мумкин, аммо кимлардандир олдиндасан, деб ўзимга таскин бераман. Ваҳоланки, икки кўздан жудо бўлсам ҳам куним ўтарди. Фақат унда кимгадир қарам бўлиб қолардим, кимдир етаклаб юрарди. 

 Тананинг қайси аъзоси бўлмасин, ҳаммаси ҳам соғлигида бошқа гап экан. Шу сабаб тенгдошларимга айтадиганим, кўзингиз очилиши учун юмилиши шарт эмас, бош деворга урилгунча тўғри йўлга қайтинг. Имкониятлардан ўз вақтида фойдаланинг. Яқинларингизга айниқса, ота-онангизга эътиборли бўлинг, соғликни қадрланг!” 

Муаллифдан: Сизда ҳам ҳаётий ҳикоялар борми? Унда биз билан боғланинг. Мурожаат учун: @karimovaUzjoku

 Мафтуна КАРИМОВА,ЎзА