Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчилар ўрганди, ўргатди, тажриба алмашди
10:05 / 2023-12-21

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан республика бўйлаб ўтказилаётган “Ўқитувчилар қурултойи”нинг дастлабкиси Самарқанд вилоятида ўтказилди.

Таълим ислоҳотларини биргаликда амалга ошириш, ўқитувчиларни ягона кучга айлантириш ҳамда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган қурултой Самарқанд шаҳридаги Президент мактабида семинар-тренинг билан бошланди.

Тадбирда вилоятимиз педагоглари бошланғич таълим, аниқ фанлар, табиий фанлар, она тили ва адабиёт йўналишларидаги замонавий таълим методикалари бўйича билим ва малакаларини оширди. Бунда асосий эътибор бугунги кунда таълим жараёнларини энг самарали усулларда ташкил этишга қаратилди. Хусусан, ўқиш саводхонлиги ва она тили фанлари доирасида 4К моделини қўллаш, ўқувчиларда ХХI аср кўникмаларини шакллантириш, лойиҳага асосланган таълим каби методикалардан фойдаланган ҳолда умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш мақсад қилинган.  

Самарқандлик ўқитувчиларнинг қурултойида Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев сўзга чиқиб, тадбир моҳиятига тўхталди.

[gallery-15146]

– Тизимда илк бор энг яхши устозларни саралаб, ўқитувчилар қурултойи ташкил қилдик, – деди У.Шарифхўжаев. – Бу тадбир ўрганиш ва ўргатиш мақсадида бўлиб ўтмоқда. Бугунги семинар-тренингларда кимдир ўрганди, кимдир ўргатди, ўзаро тажриба алмашилди. Мактабга янги таълим жараёнлари, хориждан ўқитувчилар олиб келинаётгани, янгича баҳолаш тизимининг синовдан ўтаётгани муҳокама қилинди.  

Қурултойда вазир ўринбосарига мактаб ўқитувчилари томонидан дарсликлар масаласи, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, аттестация жараёнлари ҳақида саволлар берилди.  

Тадбир сўнггида мактаб таълимида астойдил хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ўқитувчилар “Халқ таълими фидойиси”, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.  

– Кўп йиллик меҳнатларим учун менга вазирлик томонидан “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони берилди, - деди  Ургут туманидаги 56-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Баҳром Тугалов. – Бу мукофот таълим соҳасига қаратилаётган эътибор самарасидир. Аммо мактабларда муаммолар кўп, уларни биргаликда, ўзаро тажриба алмашган ҳолда бартараф этиш мумкин. Бу каби қурултойлар кўпроқ ўтказилса, тизимдаги камчиликларга ечим изланса, янада яхши бўларди.  

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари