Ҳар йили мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана фидокор устозларга, келажак авлодни тарбиялашга ўзини бағишлаган мураббийларга чуқур ҳурмат ва эътироф ифодаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Чунки устоз нафaқат таълим берувчи, балки маънавиятимиз, онг ва тафаккуримизнинг асосий тарбиячиси ҳисобланади.
Юртимизда сўнгги йилларда таълим соҳасини ривожлантириш, устозларнинг моддий ва маънавий таъминланганлигини ошириш, таълимнинг барча босқичларини халқаро мезонларга мослаштириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ўзгаришлар таълим сифатига, ўқувчилар ва талабаларнинг билим даражасига, энг муҳими, устоз мақомининг жамиятда янада юксалишига хизмат қилмоқда.
2024 йил статистикасига кўра, мамлакатда 540 мингдан ортиқ педагог фаолият кўрсатмоқда. Улардан 70 фоизи аёллардир. Таълим тизимига мунтазам ёш кадрлар келиб қўшилмоқда.

– Сергели туманидаги 68-умумтаълим мактабида фаолият юритмоқдаман. Мактабимизда ҳозирги кунда 2 минг 700 нафардан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Илк бор мактабга қадам қўйган болажонларга алифбони, биринчи ҳарфларни ўргатиш ўзига хос шараф ҳамда масъулиятдир, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси Дилафрўз Рўзиқулова. – Мен касбимдан фахрланаман. Чунки ҳар бир боланинг ҳаётида устознинг ўрни катта. Уларга фақат дарс ўтиш эмас, балки меҳр бериш, билимга муҳаббат уйғотиш, фикрлашга ўргатиш бу бизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Яқинда давлатимиз раҳбари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашув ўтказиб, таълим соҳаси ва унда меҳнат қилаётган педагогларга тегишли бўлган бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, 15 йилдан ортиқ стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич тўловининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилса, олий ўқув юртига кирган педагоглар фарзандларига шартнома тўловидан 30 фоизгача чегирма берилмоқда. Бундан ташқари, янги таълим технологияларини кенг қўллаш учун ўқитувчиларга 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши, давлат хизматлари учун тўловлар эса икки баробар камайтирилиши каби имкониятлар барча устозларнинг кайфиятини кўтарди, келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Бу каби ташаббуслар нафақат моддий, балки маънавий жиҳатдан ҳам эътибор ва ишончни кўрсатади. Эътибор бор жойда энг катта натижалар юзага чиқади. Биз ўқитувчилар, бу ишончни оқлаш учун янада масъулият билан ишлаймиз.

Ҳар қандай соҳанинг пойдевори – илм, билим, маърифат. Бу пойдеворни қуришда эса устозларнинг ўрни беқиёс. Улар ўз меҳнати, жасорати ва фидойилиги билан келажак авлодни вояга етказади, жамиятнинг маънавий юксалишига хизмат қилади.
Сўнгги беш йилда 600 дан ортиқ янги мактаб қурилиб, 2 мингга яқин таълим муассасаси реконструкция қилинди. Бу нафақат таълим сифатини, балки ўқувчи ва ўқитувчиларнинг психологик муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Бугунги устоз – замонавий технологияларни яхши ўзлаштирган, инновацион методлардан фойдаланишга интилувчи, ўқувчи шахсини тўлиқ англаб, унинг қобилиятини тўла ривожлантиришга ҳаракат қилувчи мутахассисдир. У нафақат дарс ўтади, балки ўқувчи шахсиятига таъсир кўрсатади, унда мустақил фикрлаш, тўғри қарор қабул қилиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга интилиш каби фазилатларни шакллантиради.
2017 йилда мамлакатимизда 72 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлиб, бугунги кунда уларнинг сони 219 тага етди. Бу таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.
Бугунги кунда Ўзбекистон таълим тизимида 30 дан ортиқ давлат билан ҳамкорликда қўшма дастурлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Британия, Германия, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва Малайзия каби давлатлар билан олий таълимда қўшма факультетлар, дуал таълим тизими ва академик алмашинув лойиҳалари йўлга қўйилган.
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Жамоатчилик билан алоқалар кафедраси мудири, PhD илмий даражасига эга Шоҳрух Қосимов таълим тизимидаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида шундай дейди: – Бугунги кунда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети юртимизда оммавий ахборот воситалари ва коммуникация соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаётган етакчи таълим муассасаларидан биридир. Университетимиз таркибида 13 та кафедра, 3 та факультет фаолият юритмоқда ва бугунги кунга келиб 5900 нафардан зиёд талабалар таҳсил олмоқда.

Айни пайтда таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, талабаларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида инновацион ўқув методлари, интерактив дарс форматлари, медиа-технологиялар, рақамли платформалар ва симуляцион муҳитлар кенг жорий этилмоқда. Таълим энди фақат назарий билим бериш билан чекланиб қолмаяпти – у реал ҳаётга тайёрлайдиган амалиёт майдонига айланмоқда.
Ўзим ҳам илмий фаолият билан шуғулланиш, тадқиқотлар олиб бориш учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, PhD йўналишидаги илмий ишимни муваффақиятли ҳимоя қилдим. Бу мен учун катта ютуқ, таълим соҳасига қилинаётган эътиборнинг амалий самарасидир.
Бугун талабалар нафақат анъанавий билимларни, балки креатив фикрлаш, танқидий таҳлил қилиш, жамоа билан ишлаш, рақамли дунёда ўз ўрнини топиш каби муҳим кўникмаларни ҳам ўзлаштирмоқда. Бу эса таълимнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат.

Ўзбекистон ўқитувчиларининг фаолияти халқаро майдонда ҳам тан олинмоқда. Юртимиз олий таълим муассасалари нуфузли халқаро рейтингларда муносиб ўринларни эгаллаб, таълим сифатининг янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, хорижлик талабалар сонининг ортиши ҳам юртимиз таълим тизимига бўлган ишонч даражасининг юксалаётганини англатади. Масалан, QS ва Times Higher Education рейтингларида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, НУУз, ТАТУ ва бошқа ОТМлар юқори ўринларни эгаллашга эришди. Ҳар йили юртимизга 5 мингдан ортиқ хорижлик талабалар келиб таҳсил олмоқда.
Шунингдек, таълим тизимида ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар ҳам йўқ эмас. Устозлар малакасини ошириш, уларни замонавий методикаларга ўқитиш, таълим муассасаларидаги моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби масалалар доимий эътиборда.
Зеро, таълим сифати устознинг салоҳияти ва яратилган шароитга бевосита боғлиқ. Шу боис, педагогларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим кафолатидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА