Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчи жамиятнинг энг ҳурматли кишиси бўлмоғи зарур
15:53 / 2022-06-23

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида педагогларнинг мақомини ошириш, педагог-ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлигини Конституция даражасида белгилаб қўйиш кераклиги ҳақида муҳим таклиф берилди.

Ушбу таклиф юзасидан Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори Исмоил САИФНАЗАРОВ ўз муносабатини билдирди.

– Мустақил Ўзбекистон тарихида таълим тизимига, жамиятда ўқитувчининг мавқеи ва обрўсини оширишга эътибор олдин ҳам бўлганми?

– «Устоз – отангдек улуғ» деган нақлга амал қилувчи халқимизнинг маънавияти ва табиатига монанд таклиф берилди. Тасанно ва офарин, дейиш мумкин. Менимча, ўқитувчиларни эъзозлаш, уларнинг қадри ва ўрнига мос эҳтиром кўрсатиш бўйича дунёдаги ҳамма давлатларнинг қонунларида ҳам бундай нормалар бўлмаса керак. Конституцияга ўқитувчи тўғрисидаги қоиданинг киритилиши узоқни кўзлаб қилинган савобли иш деб ўйлайман. Германия канцлери Бисмарк «Буюк Германияни оддий ўқитувчилар шакллантиради» деб айтган экан. Жамиятни инсон ўзгартиради, таълим эса инсонни ўзгартиради. Таълимнинг марказида эса, ким нима деса десин, лекин барибир ўқитувчи туради. Шундай экан, унинг ўрнини, ҳурматини жойига қўйишимиз керак. Конституция ўқитувчининг жамиятда тутган юксак ўрнини юқори даража эътироф этиб, муҳрлаб қўймоқда.

Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда. Бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалаётгани бор гап. Шу сабабдан Президентимиз таълим соҳасига куюнчаклик билан эътибор қаратяпти. Мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ. Шу боис охирги беш йилда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мавқеини юксалтириш бўйича кўп иш қилинди.

Айниқса, олдинлари ўқув йили ибтидоси муаллимнинг ёзилмаган йиллик иш режасини пахта мавсумининг бошланиши белгилаб берарди. Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни ўқитувчи ўз ўқувчилари билан бирга «ёлланма теримчи» сифатида далада ўтказарди. Бироқ шу билан унинг «ёлланмалигига» якун ясалмасди. Қишда бир муддат ўз касби билан шуғулланишга имкон берилсада, шунда ҳам бир дунё қоғозлардан ортиб, ўқувчилари учун вақт ажратолмай қоларди. Баҳор бошланиши билан яна дала юмушларига жалб қилинарди. Бундан ташқари, ободонлаштириш, қурилиш ишларида ҳам «дастёрлик» ўқитувчиларнинг зиммасида эди. Бу хизматлари учун эса арзимаган маош тўланарди. Муаллимнинг обрўйи, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани туфайли, аксарият ўқитувчилар ишини ташлаб, бошқа соҳаларга ўтиб кетди. Тизимда эркак ўқитувчилар деярли қолмади. Таълим сифати ва самарадорлиги, ўқитувчиларнинг сифат таркиби ҳам шунга мутаносиб эди.

Энди мамлакатимиз янги даврга қадам қўйди. Ўқитувчи барча юмушлардан озод этилди. Унинг олдида фақат ёш авлодни етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш вазифаси қўйилган. Буюк Архимед: «Ернинг таянч нуқтасини топиб беринг, ағдариб юбораман» деб айтган экан. Президентимиз ҳам таълимнинг таянч нуқтасини топди. Педагоглар меҳнатининг қадрланиши, эъзозланиши, ижтимоий ҳимояга олингани бунинг исботи, десам хато қилмаган бўламан. Жамиятда муаллимнинг мавқеини, ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда педагоглар ойлик маошининг 2,5 баробар оширилгани бунинг далилидир. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилгани ҳам бежиз эмас.

– Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг самараси бугун нималарда кўриняпти? Хусусан, педагог ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишларни санаб ўтиш баробарида, Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларнинг қанчалик самара бериши ҳақидаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Ислоҳотлар ўқитувчиларни мактабга қайтариш, уларни таълимдан бошқа, хизмат вазифасига кирмайдиган барча ишлардан, ортиқча қоғозбозликдан озод қилишдан бошланди. Бунинг натижасида ўқитувчининг ўз устида ишлаши ва болаларга қўшимча дарс беришига имконият яратилди. Мактабнинг самараси битирувчиларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиши билан ўлчанади. Ўқитувчи фақат маош олиш учунгина бу касбни танламайди. Болаларга меҳр қўйган, соҳага фидойи, ўзининг ишини яхши кўрган инсонгина ўқитувчи бўла олади. Кўпгина фидойи ўқитувчилар энг қийин пайтларда мактабни тарк этмаганининг боиси ҳам шунда. Майли, пахта терсин, кўча супурсин, аммо ўқитувчиликни шараф деб билган, касбининг машаққати ортидан роҳатланган устозларни ҳар биримиз ҳаётда учратганмиз.

Барибир тан олишимиз керак, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар давомида ҳар бир соҳа вакилига, аниқроғи, 665 мингдан зиёд педагогга алоҳида эътибор қаратиляпти. Айниқса, мактаб, коллеж ва институт ўқитувчилари алоҳида диққат марказда. Менимча, энг олий мақсадларни кўзлаган юртимиз, фарзандининг бахт-у камолини кўзлаган ҳар бир оила манфаати нуқтаи назаридан Конституциямизга киритилаётган бу ўзгариш жуда ҳам ўз вақтидаги ва тўғри қарордир. Ўқитувчи обрўси буюк бўлган юртнинг бугуни ва келажаги ҳам буюк бўлади. Президентимиз масаланинг ана шу нозик томонини кўра олди. Мақсад – таълим тизимини оёққа қўйиш. Бусиз ислоҳотлар амалга ошмайди. Буни битта вазирлик ёки агентлик ҳал қилолмайди. Бунга бутун халқ, жамият масъул. Чунки Президентимиз таъкидлаганидек, нажотимиз мактабда, нажотимиз таълимда, нажотимиз билимда. Ўзбекистонда энг ҳурматли инсон ўқитувчи бўлмоғи зарур.

Устозга бўлган юксак эҳтиромнинг Конституциямизда ўз ифодасини топиши, мамлакатимизда илм-фан, маънавият-маърифат ривожи, Янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун кучли ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Н.Тошпўлатова суҳбатлашди