Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти жамоаси умумтаълим мактабларида бўлиб, ўқитувчи ва мураббийларни самимий табриклади.
Байрам арафасида ташкил этилган тадбир давомида таъкидланганидек, устоз – бу нафақат билим, балки нур таратувчи, инсон қалбига эзгулик уруғини экиб, жамиятга етук авлодни вояга етказувчи муқаддас зотдир.
Ҳар бир инсон ҳаёт йўлида ўзига илк ҳарфни ўргатган, ҳаёт мазмунини англатган устозни ҳурмат билан ёдга олади. Зеро, устозлар меҳнати энг машаққатли, аммо энг шарафли касб эгалари сифатида доимо юксак эътирофга сазовордир.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда унинг ҳудудий ташкилотлари мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш, истеъмол маданиятини ривожлантириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишда таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу ҳамкорлик натижасида жойларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида сезиларли ютуқларга эришилмоқда.
Жамият томонидан устоз ва мураббийларга совғалар топширилиб, уларга эзгу тилаклар билдирилди. Ушбу эътироф – бу устоз меҳнатининг беқиёслигига бўлган эҳтиром, авлод тарбиясида уларнинг тутган ўрни нақадар муҳим эканининг яна бир тасдиғи бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА