Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчи ва мураббийларга эҳтиром кўрсатилди
12:14 / 2024-10-01

Нурафшон шаҳрида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тантанали маросим ўтказилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, тизимда меҳнат қилаётган Тошкент вилоятининг фидойи ва илғор ўқитувчилари қатнашган тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев барчага ўзининг илиқ тилакларини билдирди.  

Таъкидланганидек, ўқитувчилик касбига эътибор кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани соҳа вакиллари учун нафақат юксак шараф, балки алоҳида масъулият ҳам юклайди. Шуни эътиборга олган  ҳолда соҳа захматкашларининг ёш авлодни билимли қилиш йўлидаги меҳнатларини эътироф қилиш муҳимдир.  

Ҳозир вилоятда 877 та умумтаълим, 1 та Президент, 13 та ихтисослаштирилган мактаб, 30 та нодавлат мактаб, 23 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда 1 та вилоят педагогларга методик ёрдам бериш ва малакасини ошириш ҳудудий миллий маркази фаолият олиб бормоқда. Умумтаълим мактабларида 521 минг 315 нафар ўқувчи таҳсил олади. Фаолият юритаётган 36 минг 964 нафар педагогдан 88 фоизи олий маълумотли, қолгани ўрта махсус ва  тугалланмаган олий маълумотли кадрлар ҳисобланади.

Бундан ташқари, айни пайтда “Ҳаёт мактаби” дастури доирасида вилоятдаги 94 та мактабда 11 турдаги касб мутахассисликлари бўйича ўқитиш ташкил этилди. Улар касб турлари бўйича зарурий жиҳозлар билан таъминланиб, мактабга яқин ҳудуддаги корхона ва ташкилотларга бириктирилди. Шу билан бирга, 10 та мактабда тадбиркорлар билан шартномалар имзоланиб, 565 нафар 10-, 11-синф ўқувчиларига иш ҳақи тўлаш тизими жорий этилди.  

Нурафшон шаҳридаги 57-мактабга, Оҳангарон шаҳридаги 2-мактабга Ҳиндистон Республикасидан инглиз тили ўқитувчилари жалб этилди. Эндиликда Нурафшон, Олмалиқ, Янгийўл шаҳарлари, Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Оққўрғон туманларида ҳам “Зўр класс” лойиҳаси доирасида Россия Федерациясидан 8 нафар педагог чақирилди. Асосий мақсад ҳудуд ёшларининг билимини ошириш, дарслардан кейинги вақтларини мазмунли ўтказишдир.  

Байрам арафасида Президентимиз фармони билан Ватанимизнинг юксак орден ва унвонларига сазовор бўлган вилоятдаги бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийларга давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди. Ижобий натижаларга эришаётган ўқитувчи ва мураббийларга миннатдорлик билдирилди.

А. Мусаев,  

ЎзА мухбири