Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчи ва мураббийлар – жамият равнақи асоси
13:02 / 2025-10-01

1 октябрь – мамлакатимизда улуғ ва муқаддас саналган байрамлардан бири – Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Бу кун нафақат билим масканларида, балки бутун юртимизда алоҳида эътибор ва эҳтиром билан нишонланади. Чунки устоз ва мураббий – ҳар бир инсоннинг ҳаётида йўлбошчи, қалбида йўл ёритувчи маънавий чироғдир.

Шу муносабат билан Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида  Қашқадарё вилоят ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳамкорлигида тантанали тадбир бўлиб ўтди.  

Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва сектор раҳбарлари, таълим соҳаси вакиллари ва бошқалар иштирок этди. Байрамона руҳда кечган тадбирда вилоят раҳбари барча устоз ва мураббийларни чин дилдан табриклаб, уларнинг келажак авлод тарбиясидаги беқиёс хизматларини алоҳида қайд этди.

[gallery-25558]

Тантана чоғида таълим соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи ўқитувчилар ва ходимларга “Халқ таълими фидойиси”, “Халқ таълими аълочиси”, “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” ҳамда “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишонлари топширилди. Бу эътирофлар нафақат мукофот, балки устозлар меҳнатига берилган юксак баҳодир.

Шунингдек, вилоят прокуратураси ташаббуси билан мактабларнинг математика ва физика фанлари бўйича ўтказилган “Прокурор соврини” олимпиадаси ғолиблари ҳам тақдирланди. Уларга қимматбаҳо совғалар берилди. Айни пайтда, ҳар иккала фан бўйича 1-ўринни қўлга киритган ўқитувчилар хорижий таълим саёҳати йўлланмаси билан тақдирлангани тадбирнинг энг муҳим воқеаси сифатида эътироф этилди.

Бу каби тадбирлар нафaқат устозларнинг меҳнатини муносиб қадрлайди, балки ёш авлодни тарбиялаш жараёнида янада катта масъулият ва руҳий қувват бағишлайди. Чунки устознинг нуфузи қанчалик баланд бўлса, жамиятнинг маънавий қиёфаси ҳам шунчалик юксак бўлади.

Байрам муносабати билан тадбирлар вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам давом этмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари