Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг академик Ч. Абдиров номидаги маданият саройида "1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан “Қалби дарё устозлар” номли байрам тадбири ва концерт дастури бўлиб ўтди.
Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, шунингдек, нуроний устозлар иштирок этишди.


Дастлаб университет ректори вазифасини вақтинча бажарувчи О.Дуйсенбаев сўзга чиқиб, барча устозларни байрам билан самимий табриклади. Шундан сўнг, у таълим соҳаси фидойиларининг жамият ҳаётидаги улкан ўрнини алоҳида таъкидлаб, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати туфайли келажак яратилишини таъкидлади.

– Ёш авлодга таълим-тарбия бериб, уларни комил инсон етиб вояга етказаётган устозларнинг хизматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Сизларнинг фидойилигингиз туфайли илм-маърифат ва эзгулик тарқалиб, Ватанимиз равнақ топади”, – деди О. Дуйсенбаев.

Байрам концертида талабалар ижросида устозларга бағишланган куй-қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Бадиий чиқишлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбир якунида университет раҳбарияти томонидан профессор-ўқитувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг, байрамона руҳда ўтган концерт дастури барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири