Гулистон шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан “Ўқитувчи” олимпиадасининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Беллашув икки босқичда ўтказилиб, унда умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган математика, информатика ва ахборот технологиялари ҳамда биология фани ўқитувчилари иштирок этишди. Олимпиаданинг асосий мақсади — ўқитувчиларнинг касбий маҳорати ва билим салоҳиятини ошириш, уларда замонавий таълим жараёнига мос ёндашувларни ривожлантиришдан иборат.


Дастлаб математика, кейин эса биология фанлари бўйича ҳудудий босқич синовлари ўтказилди. Унда жами 51 нафар ўқитувчи иштирок этди. Иштирокчилар билим ва кўникмаларини тест синовлари ҳамда дастурлаш йўналишида намойиш қилишди. Олимпиада низомига кўра, улар 2 соат 30 дақиқада 40 та тест топшириғини ечиши, шунингдек, 4 соат ичида 5 та дастурлаш масаласини бажариши лозим эди. Барча фанлар бўйича тест синовлари замонавий компьютер технологиялари ёрдамида адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилди.


Белгиланган тартиб асосида ҳар бир фан кесимида 5 нафар ғолиб аниқланди. Улар Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмалар билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири