Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчи: "Мен 17 миллион сўм миқдорида маош олишим мумкин"
15:22 / 2022-12-28

Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан 2023 йилда ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларнинг саралаш имтиҳонлари жавоблари Давлат тест маркази томонидан my.dtm.uz сайтида эълон қилинди. Дастлабки босқичда максимал баллнинг 80 фоиз ва ундан юқори балл тўплаганлар иккинчи босқичда иштирок этади. Иккинчи босқич синов жараёнлари 2023 йилда ўтказилади ва унда ўқитувчиларнинг касбий кўникмалари жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган гуруҳ томонидан баҳоланади. Иккинчи босқичдан муваффақиятли ўтган ўқитувчилар ҳар ойлик устамани белгиланган кундан бошлаб 9 ой давомида олишлари мумкин.

Халқ таълими Вазири жамғармаси учун устама оладиган ўқитувчиларнинг номзодлари тегишли тартибга кўра, халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан тақдим этилган бўлиб, бунда номзодлар умумий ўрта таълим муассасаларининг битирувчи-ўқувчилари томонидан тегишли ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларига, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонида қайд этган натижасига мувофиқ тақсимланган.  

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 44-ИДУМнинг олий тоифали биология фани ўқитувчиси Дилбархон Ғуломова мазкур саралаш имтиҳонларида 100 фоизлик натижани қўлга киритган.  

Қайд этилишича, 14 йилдан бери ўқувчиларга билим бераётган Дилбархон Ғуломова ўқувчилик давриданоқ республика олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистон Миллий университетига имтиёз асосида ўқишга қабул қилинган. Д.Ғуломова 2018 йил «Йил ўқитувчиси» республика кўрик танловининг 3-ўрин соҳиби бўлган. 2021 йил «Эл-юрт умиди» жамғармасининг стипендиати сифатида Санкт-Петербургнинг А.И.Герцен номидаги Педагогика университетида малака ошириб қайтган. Бугунги кунда Дилбар Ғуломованинг ойлик маоши 12,6 миллион сўмни ташкил қилади.  

"Вазир жамғармасига танлов эълон қилиниши биланоқ, саралаш имтиҳонларида иштирок этишни хоҳлаганман, – дейди Дилбар Ғуломова. – Ўз устида ишлаган инсон олдига қўйган мақсадларига бемалол эриша олиши мумкин. Кейинги босқичдан ҳам муваффақиятли ўтишимга ишонаман. Агар иккинчи босқичдан ҳам муваффақиятли ўтсам, мен 17 миллион сўм миқдорида маош олишим мумкин. Мақсадларим йўлида асло чекинмайман. Ҳар бир эзгу ҳаракат эса албатта ижобий самара беради. Меҳнатларим натижасини нафақат ўқувчиларимда, балки фарзандларимда ҳам кўряпман. Қизим Тошкентдаги Абу Али Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда, қолган икки нафар фарзандим Андижондаги Президент мактабида таҳсил олади. Ўқувчиларимнинг кўпчилиги пойтахтнинг энг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишга муваффақ бўлган".  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Халқ таълими вазири жамғармаси ҳисобидан 2023 йилда ҳар ойлик устамага даъвогар педагогларнинг саралаш имтиҳонларида ўз натижасидан норози талабгорлар 27-28-29 декабрь кунлари my.dtm.uz сайтининг «Ўқитувчилар» бўлими орқали апелляция аризасини беришлари мумкин. Aризалар комиссия томонидан кўриб чиқилади ва апеллация хулосаси 15 иш куни ичида талабгорга ёзма равишда юборилади.  

 

 ЎзА