Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқитувчи мажбурий меҳнатдан йироқда
15:13 / 2023-06-02

Конституция – халқ паспорти

Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнида ҳам таълим-тарбия масалаларига алоҳида устуворлик берилгани барчамиз учун қувонарли.

Масалан, қонунимизнинг қатор моддаларида таълим сиёсатига алоҳида эътибор қаратиш, педагогларнинг касбий фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари вазифасини мувофиқлаштириш билан боғлиқ айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Келинг, аниқроқ тушунтирайлик...

50-модда. “Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.”

Ушбу модда Ўзбекистон фуқароси таълим олиши, ёшларга узлуксиз таълим бериш жараёни бўйича аниқ мажбуриятларни юклайди. Инсонларга таълим бериш ҳар қандай ҳолатда давлат томонидан кафолатланади. Яхшилаб ўйланг, илгари давлат мажбурий таълимни йўлга қўйганди. “Мактаб давлат назоратида” деган нормалар бор эди, яъни, ўн бир йиллик мажбурий таълим. Конституциямиз қоидаларига кўра, ана энди давлат нодавлат таълим ташкилотларига ҳам бевосита кафолат беради.

Бир сўз билан айтганда, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, фарзандларимизга таълим берадиган нодавлат муассасалар ҳам давлат томонидан ҳимоя остига олиниши белгилаб қўйилди. Конституциямизнинг 50-моддасида қайд этилганидек, ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди. Давлат мақтабгача таълим тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши қатъий кўрсатилган.

Давлат таълимни ўз кафолатига олар экан, инклюзив ўқишни ҳам четда қолдирмади. Биламиз, инклюзив таълим – бу ногиронлиги бўлган шахсларга дарс бериш шакллари. Ўқитишнинг ушбу тури энди давлат кафолатига ўтди. Бош қомусимизнинг 50-моддасида инклюзив таълим бевосита кўрсатиб ўтилган бўлиб, унда ногиронлиги бўлган ёки бирон бир нуқсони бор инсонлар ҳар қандай ҳолатда соғлом фуқаролар билан тенг таълим олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

51-модда. “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.”

Дарҳақиқат, юртимизда олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Жумладан, нодавлат олий таълим муассасалари очилмоқда, хорижий университетлар филиаллари сони ортмоқда, олис ҳудудларда ҳам университет филиаллари ташкил этиляпти. Бугунги кунда 41 та давлат олий ўқув юртларига академик ва молиявий мустақиллик берилган.

Янги қабул қилинган Конституцияда келтирилган банднинг мазмунига кўра, олий таълим тизими халқаро стандартлар асосида фаолият юритиши – уни маъмурий бошқаришдан тортиб то ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот жараёнини ташкил этишда академик эркинликка эга бўлишини тақозо этади.

Академик эркинлик ўқув жараёнини мустақил шакллантириш, дарс ўтиш эркинлиги, илмий-тадқиқот мавзуларини мустақил танлаш ва тадқиқ этиш, унинг натижаларини нашр этиш ва тарқатиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда илмий ходимлар академик эркинлиги чекланмаслигида намоён бўлади.

Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти ривожланишига, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга, ушбу соҳага ташқи аралашувни чеклашга хизмат қилади.

Молиявий ҳисоб, қандайдир халқаро тадбир ёки профессор- ўқитувчиларнинг хорижда малака ошириш курслари бўладими, буларнинг барчаси энди университетнинг молиявий ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу модда мазкур асосни мустаҳкамлади.

Бу ерда, албатта, рақобат бўлади, университет ва институтлар ўртасида “мусобақа” бошланади. Яъни, илмий фаолият, ўқитиш тизими, талабаларга билим бериш жараёни, талабаларнинг ишга жойланиши, қайсидир нуфузли компания ва ташкилотларда фаолият юритиши нуқтаи назаридан номинациялар қўйилади.

Шунингдек, келажакда рақобат ортидан қайсидир олийгоҳ талабалари нуфузли ташкилотларга ишга қўйилиши жиҳатидан ўринлар белгиланади. Ушбу ўринларга қараб ҳар бир фуқаро, жумладан, талаба бўлиш иштиёқида юрган абитуриентлар истаган олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинади.

52-модда. “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.”

Энг қувонарлиси – фарзандларимизга тарбия бераётган педагоглар, ёшларимиз салоҳиятини камол топтиришга катта хизмат қилаётган устозларимиз мажбурий меҳнатдан йироқда бўлади.

Қомусимизда жамиятда ўқитувчининг мақоми, қадр-қиммати ва ўрнига бағишланган алоҳида модда киритилди. Ушбу янгилик мамлакатда фаолият юритаётган 685 мингдан зиёд педагогларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватланишини кучайтириш ва касбий ўсишини таъминлаш имкониятини яратади.

Афсуски, илгари ушбу тамойил айрим меъёрий, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилган, холос. Ўқитувчи бир қарасангиз у ишни, бир қарасангиз бутунлай бошқа ишни бажаришга мажбур эди. Юқори малакали педагогларнинг салоҳияти умуман бошқа йўналишга сафарбар қилинарди. Уларнинг касбий ҳуқуқлари фақат Конституциядан қуйи поғонада турадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатиларди.

Ўқитувчининг ҳимояси билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий қонунлар ижросига, айниқса, уларнинг фаолиятига айрим қуйи поғонада турувчи ҳокимият бўлинмалари, давлат хизматлари бевосита таъсир кўрсатарди.

Табиийки, “қандай таъсир кўрсатарди”, деган савол пайдо бўлади?

Хабарингиз бўлса, аввал ўқитувчига меҳнат қилиш, ортиқча иш юклаш нуқтаи назаридан қаттиқ босим ўтказиларди. Малакали устозларимиз келажагимиз пойдевори бўлмиш ёшларга таълим бериш ўрнига пахта теримига жалб қилинар, комиссия ходимлари текширишга келар экан, деган хабарни эшитиши биланоқ дарахт оқлашга, кўча супуришга отланар эди. Энди Конституциямизда бевосита ўқитувчининг ҳимояси, унинг меҳнати, ёш авлодни соғлом, маънан етук қилиб тарбиялаши билан боғлиқ норма киритилди.

Ушбу нормага мувофиқ, Ўзбекистонда ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маданий ва маънавий салоҳиятни сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Бежизга давлат ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсишига ғамхўрлик қилади, деб белгилаб қўйилмади. Ким энди ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб қилса, унга ўқитувчилик фаолиятидан ташқари бошқа топшириқ берилса, қонуний жавобгарликка тортилади.

Боиси ўқитувчи жамиятнинг энг олий инсони, десак тўғри бўлади. Уларга келажак авлодимизни тарбиялайдиган шахс сифатида қаралиши адолатли ёндашув демакдир. Педагогларнинг мақомига оид ўхшаш нормалар Германия, Португалия, Украина, Чили, Уругвай, Эквадор, Колумбия, Миср ва бошқа ривожланган давлатлар Конституцияларида ҳам мавжуд.

Масалан, Осиё давлатларида, жумладан, Индонезия, Малайзияда ўқитувчига нисбатан энг олий мақом берилган. Уларни ҳар қандай ҳолатда молиявий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш асосий вазифа этиб белгиланган. Бугун Ўзбекистон ушбу мамлакатлар тажрибасини чуқур ўрганиб, Конституциямизда ўқитувчиларнинг меҳнатини қадрлаш нуқтаи назаридан аниқ моддалар киритишга қарор қилди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА