Президентимиз томонидан илгари сурилган асосий ғоя ўқитувчиларга шароитлар яратиб бериш, ўқувчиларга замонавий билимларни бериш, мактабларда рақамли ва IТ инфратузилмани кучайтириш, шунингдек, ўқитувчилар мақомини ошириш орқали таълим сифатини юксалтиришдан иборатдир.
Бугун ушбу эзгу ташаббуслар амалда ўз самарасини бермоқда. Хусусан, Бухоро вилояти Олот туманидаги 1-умумтаълим мактабида информатика фани ўқитувчиси бўлиб фаолият юритаётган Комил Элмуродов бу ислоҳотларнинг жонли намунасига айланди.

– Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар рақамли билимлар, IТ ва касб-ҳунар йўналишларига эътибор туфайли бизда энди ақлли машиналар ясаляпти. Ўқувчилар инсон юзини аниқлай оладиган, тўсиқлардан айланиб ўтадиган роботлар устида ишлаяпти. Бу илгари фақат орзу эди, энди эса мактабимиздаги реал ҳолатдир. Айни кунда мактабда IТ ва робототехника тўгаракларига 50 нафардан ортиқ ўқувчи қизиқиш билдирган. Ҳозирда 15 дан зиёд иқтидорли ўқувчи ўз лойиҳалари устида мустақил изланмоқда. Бу натижалар фақат билим эмас, балки ишонч, мотивация ва яратилган шароит натижасидир, – дейди Комил Элмуродов.

Комил Элмуродов бугунги кунда дарс берувчи эмас, балки ёшларни келажакка тайёрлаётган мураббий, муҳандислик ва инновацион тафаккурни уйғотаётган йўлбошчи сифатида қадрланмоқда. Ахборот технологиялари, сунъий интеллект, робототехника булар энди фақат йирик шаҳарларда эмас, балки ҳар бир қишлоқ мактабида ҳам ривожланмоқда. Таълим соҳасига берилган эътибор бу авлодлар келажагига қаратилган энг муҳим инвестициядир.
Зариф Комилов, ЎзА