Наманган давлат университетида “Замонавий таълим парадигмалари асосида рус тилини ўқитиш методикаси ва технологиялари” мавзусидаги халқаро анжуман бошланди.
Россия давлат рус тили институти, Россия давлат педагогика университети, Тожикистон миллий университети ва “Златоуст” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги нуфузли олий ўқув юртлари, шунингдек, Марказий Осиё, МДҲ давлатлари, шу жумладан, Россия Федерациясидан ташриф буюрган таниқли олимлар иштирок этмоқда.
Анжуман рус тилини чет тили сифатида ўқитишда ҳамкорликда амалий ечимларни топиш, ўқитиш жараёнида ўқувчига йўналтирилган ёндашувни амалга ошириш, электрон таълим муҳити воситаларидан кенг фойдаланиш ва самарадорлигини таъминлаш масалалари, ёшлар ўртасида рус тилини ўрганишга қизиқиш ва мотивацияни оширишдек мақсадларни қамраб олгани билан аҳамиятга эга.
[gallery-19632]
Олимларнинг рус тилини хорижий тиллар қаторида ўқитиш амалиётида метод ва технологиялар, чет тилли аудиторияларга рус адабиётини ўргатиш муаммолари, маданиятлараро мулоқотда рус тилининг роли, қиёсий тилшунослик муаммолари ҳамда ўқитишнинг психологик-педагогик асослари каби мавзуларда маърузалар катта қизиқиш билан тингланмоқда.
– Мазкур йўналишдаги халқаро анжуман мамлакатимизда биринчи бор айнан Наманган давлат университетида ўтказилаётгани ҳам эътиборга молик. Хорижий давлатлардан кўплаб олимларнинг конференцияда онлайн тарзда иштирок этаётганлиги ҳам унинг қамровини янада оширади.
Қолаверса, ушбу халқаро илмий-амалий анжуман юртимиздаги рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари учун қимматли маълумот ва манбаларга эга бўлиш имкониятини яратмоқда. Қолаверса, конференциянинг ташкилий қўмитаси таркибига Россиянинг етакчи нашриёт маркази “Златоуст” марказининг киритилганлиги янада диққатга сазовордир. Бу Наманган давлат университетининг нафақат минтақа ва республика, балки халқаро миқёсда илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшаётганидан далолат беради, – дейди олийгоҳ “Пресс-клуби” раҳбари Санжарбек Ҳамидов.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.