Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқишни кўчиришга оид саволларга вазирлик мутасаддиси жавоб берди
11:15 / 2024-07-17

Маълумки, 2024/2025-ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари тасдиқлаб қўйилган бўлиб, энг юқори ўтиш бали ҳуқуқ соҳаси учун белгиланган — 140 баллдан иборат бўлади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш йўналишида ўқишини кўчирмоқчи бўлганлар камида 129 балл тўплаши лозим.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова талабалар ўқишини кўчириш бўйича келаётган саволларга жавоб берди.  

– Ўқишни кўчириш учун қандай ҳужжатлар тайёрлаш керак?  

– Ўқишни кўчириш турига қараб қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак бўлади. Агар талаба transfer.edu.uz сайти орқали ариза топшираётган бўлса, транскрипт рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (ЖПГ ёки PDF шакли) ва иккита узрли сабабдан бирини асословчи ҳужжат.  

my.uzbmb.uz сайти орқали мурожаат қилинганда транскрипт рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (ЖПГ ёки PDF шакли) тақдим этилади.  

Алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда олий таълимдаги рақамлаштириш натижасида онлайн ҳужжат топшириш платформаларида шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилмайди. Барча маълумотлар OneID тизими орқали автоматлашган ҳолда шаклланади.  

– Яқинда турмуш қурганман, турмуш ўртоғим вилоятда яшайди. Шу сабабли ўқишимни вилоятимга кўчирсам бўладими?  

– Давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина икки ҳолатда рухсат берилади.  

Биринчиси, бу талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда.  

Иккинчиси, эса давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда. Бунда тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсияси талаб этилади.  

Демак, бир вилоятдан иккинчисига кўчиришнинг 2 та узрли сабабларидан бири сизга мос келади. Шу боис, сиз турмуш ўртоғингиз доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишни кўчириш учун белгиланган муддатларда мурожаат қилишингиз мумкин.  

– Икки йилдан бери Қозоғистонда таҳсил оламан. Ўқишимни Ўзбекистонга кўчирсам бўладими?

– Амалдаги тартибга мувофиқ, хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларига талабалар ўқишни кўчириш учун фақат мос ва турдош таълим йўналишларига ҳужжат топширади ҳамда махсус синов имтиҳонида иштирок этиб, ўтиш балини тўплаши талаб этилади. 

Бунда талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади.  

Тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланиб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.  

Ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Хориждан мос ва турдош бўлмаган йўналишга ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.  

– Грант асосида таҳсил оладиган талабалар ўқишни кўчирса, шартнома асосида кўчириладими ёки грант сақланиб қоладими?  

– Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади. Яъни, агар ОТМ йўналишлари учун ажратилган бўш грант ўрни бўлса, таълим муассасасидаги вазиятдан келиб чиқиб, талабага грант асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилиши мумкин.  

Кўзи ожиз ва ногиронлиги бор талабаларга грант асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилади.  

– Талаба хорижий тиллар факультети хорижий тил ва адабиёти (инглиз) йўналишида 1-курсни тамомлади. Шу йўналишда сиртқи таълим мавжуд бўлмагани сабабли у ўқишини бошқа университетнинг инглиз филологияси ёки таржима назарияси йўналишининг сиртқи таълимига ўқишини кўчириши мумкинми?

 Бунинг имкони йўқ, боиси талабада давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчириш учун асос бўладиган иккита узрли сабабдан бири бўлиши керак. Бу мурожаатчида келтирилмаган. Бундан ташқари, филология йўналишларида сиртқи таълим мавжуд эмас.

– Қачондан бошлаб таълим шаклини сиртқига кўчириш учун ариза топширса бўлади? Аризани онлайн топшириш мумкинми?  

 – Таълим шаклини ўзгартириш юзасидан мурожаатлар transfer.edu.uz сайти орқали жорий йил 15 июлдан 5 август кунига қадар онлайн қабул қилинади. Бунда талаба таҳсил олаётган йўналиш бўйича ОТМ ички имконияти ва сиртқи таълим шакли мавжуд бўлганда унинг аризаси қаноатлантирилиши мумкин.  

Муҳайё Тошқораева,  ЎзА