French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўқишга қабул синовида ёзма иш олинса...
16:01 / 2023-10-05

Долзарб мавзу

Ҳар йили 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни яқинлашаркан, давлат тили, яъни ўзбек тилига бўлган тарғибот ишлари кучаяди. Тадбирлару учрашувларда она тилимизнинг беқиёс куч-қудрати ҳақида бонг урилади. Афсуски, барчаси яна кампаниябозлик, ҳисоботлар билан тугайди. Ваҳоланки, ўзбек тилига эътибор фақат шу санада эмас, балки ҳар куни бўлиши керак-ку?!

Саводхонлик масаласи бугунги кунда таълим учун ниҳоятда долзарб бўлиб, саводлилик аҳоли маданий савияси кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Саводли бўлишни тўғри ёзишу хатосиз талаффуз қилишдан иборат деб тушунмаслик керак ва у ҳар бир соҳа учун муҳимдир.

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ёзма саводхонлик маданиятини тарғиб этиш, ўзбек тилига бўлган ҳурмат ва қизиқишни ошириш муҳим вазифалардан саналади. Албатта шундай вақтда ўзбек тили ва адабиётининг баъзи бир муаммоларига тўхталиш айни муддао бўлиб, бу ҳам бўлса, ёзма саводхонлик масаласидир.

Олий ўқув юртларида филологлар, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларини тайёрлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани улуғ бобомиз хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш билан бирга она тилимиз, маънавиятимиз, миллий адабиётимизни янада ривожлантириш ва юксалтириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Умуман айтганда, бу борадаги ишлар таҳсинга лойиқ. Афсуски, баъзи бир муаммолар ҳам борки, бунга эътибор қаратиш вақти келди, деб ўйлаймиз. Бугунги кунда ўзбек филологияси факультетларини тамомлаётган ёшларимизнинг барчаси ҳам талабга жавоб бера оладими? Уларнинг хат-саводи қандай? Афсуски, ҳозир аксарият ўқитувчилар фаолиятида нутқ ва ёзма саводхонлик билан боғлиқ қатор муаммоларга дуч келинмоқда.

Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, мазкур факультетларда таҳсил олаётган баъзи бир ёшлар матнда кўплаб орфографик хатоларга йўл қўяди. Бошқа хатоларни гапирмасангиз ҳам бўлади. Уларнинг ёзма саводхонлик масаласи умуман бугунги кун талабига жавоб бермайди. Нега шундай?

Чунки олий ўқув юртларига ёшлар тест синовлари асосида ўқишга қабул қилинмоқда. Албатта, тест– адолат мезони. Ёшларимиз барча фанларни яхши ўзлаштириб, тестда юқори натижаларни қўлга киритгач, талабалик бахтига муяссар бўлмоқда. Кўплаб мутахассисликларни ўқишга қабул қилишда тест синовлари билан бирга ижодий имтиҳонлар ҳам олинади. Аммо филология, хусусан, ўзбек тили ва адабиёти йўналишига ўқишга қабул қилишда бу тамойил негадир йўлга қўйилмаган. Натижада эса талабаларнинг ёзма саводхонлиги ва нутқ масаласи бугун кун тартибига чиқаётган долзарб масала бўлиб қолмоқда. Эртага ёзма саводхонлиги нўноқ бўлган талаба қандай қилиб ёш авлодга она тилидан дарс беради?! Нутқида ҳам муаммо бўлса-чи?

Саводсизликни келтириб чиқувчи сабаблар ва омиллар жуда кўп. Хусусан, бу соҳада илмий қўлланмалар, адабиётлар етарли эмас. Нашр этилган китобларда эса имловий, услубий хатоликлар учрайди. Матбуот, радио-телевидение, реклама соҳалари ҳам, афсуски, бундан мустасно эмас.

Умумтаълим мактабларида диктант, иншо каби ёзма иш ёзиш олиш, ёшларни бадиий сўз санъатига қизиқтириш ишлари талабга жавоб бермайди. Саводхонлик, аввало, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиларининг муҳим мезони сифатида белгиланиши шарт.

Кўплаб олимлар ва мутахассислар бир қатор чиқишларида мазкур муаммолар ҳақида сўз юритиб келмоқда. Аммо мутасаддилар негадир бунга эътибор қаратмаяпти.

Она тили ва адабиёти таълимини такомиллаштириш масаласига бепарволик билан қараб бўлмайди. 

Яна шу долзарб мавзуни ўртага ташлаймиз. Филология факультетларига ўқишга қабул жараёнида ижодий ёзма иш ва суҳбатни йўлга қўйиш фурсати келганга ўхшайди.

Бу ҳақда бошқаларнинг фикри қандай?

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА мухбири